Москвада ўзбекистонлик Аlfi Tower осмонўпар биноси қурувчилари ўртасида ошхонага навбат устидан оммавий муштлашув юз берди. Бу ҳақда Bazа хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса 16 ноябрь куни содир бўлган. Оқибатда икки киши жароҳат олган, муштлашувда иштирок этган жами 37 киши — 35 нафар Ўзбекистон, бир нафар Россия, бир нафар Туркия фуқароси полиция бўлимига олиб кетилган.
Улар муштлашувда таёқ ва арматурадан фойдаланган. Bazа хабарига кўра, қурилиш ишчилари ошхонада навбат сабабли уришган, жумладан, кимдир жой бермаслиги оқибатида конфликт бошланиб, муштлашувга айланиб кетган. Шундан сўнг икки ишчи тиббий ёрдамга муҳтож бўлган — уларда кўкаришлар борлиги аниқланган ва тиббий ёрдам кўрсатилгандан кейин қўйиб юборилган.
Ҳолат юзасидан тўрт киши қўлга олинган, яна бир неча киши қидирилмоқда. Уларга нисбатан безорилик моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган.