"Интер Майами" форварди Лионель Месси МЛС доирасида "Орландо Сити"га қарши кечган баҳсда (4:2) жарима зарбасидан гол уриб, янги рекорд ўрнатди.
38 ёшли футболчи учрашувда дубль қайд этди — унинг 90-дақиқадаги иккинчи голи тўғридан-тўғри жарима зарбаси орқали киритилди. Inter Miami News Hub нашрининг хабар беришича, аргентиналик юлдуз 2008 йилдан буён ҳар йили камида бир марта жаримадан гол уриб келмоқда — кетма-кет 19 календарь йили давомида. Бу жаҳон футболидаги янги рекорддир.
Лионель Мессининг жарима зарбаларидан гол уриш бўйича энг юқори кўрсаткичи 2018 йилга тўғри келган бўлиб, ўшанда у ўнта стандарт вазиятни голга айлантирган эди.
Саккиз карра "Олтин тўп" соҳиби 2023 йилнинг ёзида "Интер Майами" сафига келиб қўшилган эди. Унинг амалдаги шартномаси 2028 йилги мавсум якунида ўз ниҳоясига етади.