Интернет нашрларида “Барселона” ҳужумчиси Лионел Мессининг терма жамоадан кетмоқчи эканлиги ҳақида хабарлар тарқалганди. Маълумотларга кўра, бунга етарлича сабаблар мавжуд.
“Milli.az” нашри Лионел Месси ва Аргентина терма жамоаси бош мураббийси Хорхе Сампаоли ўртасида можаро юзага келганлиги ҳақида ёзмоқда. Нашрга кўра, Мессининг бундай қарорга келишига айнан Сампаоли сабабчи.
Хабарларга қараганда, Хорватияга қарши ўйиндан олдин Месси ва мураббий ўзаро келишмай қолган. Месси асосий таркибга Дибалани киритишни сўраган, аммо Хорхе бу таклифни инобатга олмаган. Шунингдек, Ди Марияни ҳам захирага олган. Унинг ўрнига тушган футболчиларнинг ўйини эса Мессига ёқмаган. Нашрга кўра, Мессининг Хорватияга қарши кайфиятсиз ўйинига ҳам шу келишмовчилик сабаб бўлган. Месси айни дамда Нигерияга қарши бўладиган жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи учинчи тур ўйинидан кейин терма жамоадан кетишни мўлжалламоқда. У Сампаоли қўл остида ўйнамоқчи эмас.