Германиянинг ХДИ партияси тарихда илк бор федерал ерлардан бирининг парламентига кира олмади, бироқ Мерц истеъфога чиқиш нияти йўқлигини айтди
Германия канцлери ва Христиан-демократик иттифоқ раҳбари Фридрих Мерц 20 сентябр куни Мекленбург — Олд Померания ҳамда Берлин федерал ерларида ўтказилган сайловлар натижасини "ҳалокатли" деб атади. У бу баёнотни консерваторлар тарихда илк бор мамлакат федерал ерларидан бирининг парламентида (ландтаг) вакиллик қила олмаслиги маълум бўлишидан олдин айтди.
Мекленбург — Олд Померанияда ХДИ атиги 4,9 фоиз овоз тўплади. Ер парламентига (ландтаг) кириш учун эса партия камида 5 фоиз овоз олиши керак эди. Сайловда 38,2 фоиз овоз билан ултраўнг “Германия учун муқобил” (AfD) партияси ғалаба қозонди. Қиёслаш учун, 2021 йилги сайловда ушбу партияни сайловчиларнинг 16,7 фоизи қўллаб-қувватлаган эди.
Иккинчи ўринни 35,5 фоиз овоз билан Германия социал-демократик партияси эгаллади. 2021 йилда унинг натижаси 39,6 фоизни ташкил этган. Сўл партия 6,5 фоиз, “Иттифоқ-90/Яшиллар” эса 5,7 фоиз овоз олди. Қолган сиёсий кучлар беш фоизлик тўсиқдан ўта олмади.
Берлин депутатлар палатасига ўтказилган сайловда Сўл партия 25,7 фоиз овоз билан ишончли ғалабага эришди. Бу партиянинг 2023 йилги натижасидан қарийб икки баравар кўп.
ХДИ 18,8 фоиз овоз билан иккинчи ўринни эгаллади. Аммо бу ҳам партия учун жиддий йўқотишдир: 2023 йилги сайловда христиан демократлар 28,2 фоиз овоз олган эди. “Германия учун муқобил” партияси 16,3 фоиз овоз билан учинчи ўринни эгаллади ва ўз натижасини 7,2 фоиз пунктга яхшилади. “Яшиллар” 14,3 фоиз, Социал-демократлар эса 12,1 фоиз овоз тўплади.
Германия канцлери Фридрих Мерц истеъфога чиқиши мумкинлиги ҳақидаги гапларни рад этди. Бундай миш-мишлар “Германия учун муқобил” партияси Саксония-Анҳалтда 43,8 фоиз овоз билан ғалаба қозонганидан кейин кучайган эди. Бироқ Мерцнинг шахсий қарори етарли эмас. У аввало ўз партиясининг қўллаб-қувватловини сақлаб қолиши керак.