Бугун 24 ноябрь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

«Мен буни кулгили деб ҳисоблайман»

«Мен буни кулгили деб ҳисоблайман»

«Мен буни кулгили деб ҳисоблайман». Трамп Канада билан яқинлашуви сабаб ЕИга савдони тўхтатиш билан таҳдид қилди.

АҚШ президенти Дональд Трамп Европа Иттифоқи Канадани ўзининг биринчи «уюшма аъзоси»га айлантирса, ЕИга юқори божлар жорий этиши ёки савдони тўхтатиши мумкинлигини айтди.

«Мен буни кулгили деб ҳисоблайман. Агар улар шундай қилишса ва мен буни ҳатто озгина бўлса ҳам душманлик ҳаракати сифатида баҳоласам, жуда юқори божлар жорий қиламан ёки Европа билан савдони тўхтатаман», — деди Трамп журналистларга.

Аввалроқ Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Канада билан муносабатларни «имкон қадар юқори даражага» олиб чиқиш ва мамлакатни ЕИнинг биринчи уюшма аъзосига айлантиришни таклиф қилган эди. Бундай мақом айнан нимани англатиши ҳозирча ноаниқ. Аниқ режалар орасида Канада ва ЕИнинг технологиялар, энергетика ва мудофаа соҳаларида янада яқин ҳамкорлиги бор.

Оттава сўнгги ойларда Вашингтон билан савдо муносабатлари кескинлашгани фонида АҚШга бўлган қарамликни камайтиришга ҳаракат қилмоқда. Канада бош вазири Марк Карни аввалроқ мамлакат ЕИ билан «ноёб иттифоқ» излаётганини, бироқ Европа Иттифоқига тўлақонли аъзо бўлишга интилмаётганини айтган эди.

Киритилди: 21:35 17.09.2026. Ўқилди: 1159 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар