Франция миллий терма жамоаси сардори ва «Реал» ҳужумчиси Килиан Мбаппе терма жамоа йиғинидаги машғулотни муддатидан аввал якунлаб, майдонни якка ўзи тарк этди. Бу ҳақда машҳур африкалик журналист Micky Jnr ўзининг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида хабар қилди.
Манба маълумотига кўра, Мбаппе жароҳат олгани сабабли машғулотни тўлиқ якунига етказа олмаган. Ҳозирча жароҳатнинг характери ва оғирлик даражаси ҳақида батафсил маълумот берилмаган.
8 июнь куни Франция терма жамоаси Жаҳон чемпионати–2026 олдидан сўнгги ўртоқлик учрашувини Шимолий Ирландияга қарши ўтказади. Мбаппега ушбу баҳсда дам берилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Франция мундиалнинг гуруҳ босқичида Сенегал, Норвегия ва Ироқ терма жамоаларига қарши майдонга тушади. Французлар турнирдаги илк учрашувини 16 июнь куни Сенегалга қарши ўтказади.