Мактаб дарсликлари таълим сифатини оширишда биринчи манба ҳисобланади. Бугунги кунда ушбу муҳим манбалар яратилиши ва улар нечоғлик эҳтиёжни қондираётгани ҳақида турли фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда.
Албатта, бу табиий ҳолат ва ўз навбатида фойдали ҳамдир. Шу сабабли бу каби қарашлар соҳа мутахассисларининг ўз ишига бўлган масъулиятини ошириш, хато ва камчиликлар устида ишлашига ижобий таъсир этади.
Масалан, Бахтиёр Шералиевнинг “Дарсликлар, дарсликлар, дарсликлар” сарлавҳали мақоласида таълим сифати ва дарсликлар яратилиши бўйича жиддий эътироз билдирилган. Унинг фикрига кўра, мактабда биология фанидан ўқитиладиган дарсликлар бугунги кун нуқтаи назаридан анча эскиргани ва уларни замонавий илм-фан маълумотлари билан бойитиш зарур. Унда шундай фактлар бор:
“Масалан, 7-синф зоология дарслигини олиб қарасангиз, у кейинги 20 йил мобайнида деярли 5-10 фоизга ҳам ўзгармаганлигига гувоҳ бўласиз...
Аниқ мисол келтирадиган бўлсам, болаларимиз бир ҳужайрали хивчинли ҳайвон деб ўрганаётган «вольвокс» деб аталган организм олимлар томонидан ўсимлик, деб эътироф этилганига яқинда ярим аср бўлади ёки дарсликда ҳали ҳанузгача алоҳида туркум сифатида кўрсатиб келинаётган куракоёқлилар туркумининг ўз мақомини йўқотиб, йиртқич сут эмизувчилар қаторига қўшилганига эса 30 йил бўлади...”
Албатта, муаллиф болаларимиз келажаги учун жон куйдириб, дарсликларга бўлган муносабатини билдиргани эътирофга лойиқ. Мақолада келтирилган фактлар жиддий масала. Хўш, бугунги кунда яратилаётган дарсликлар талаб даражасидами? Мактаб дарсликларини нашр эттиришга кимлар масъул? Уларни нашр қилиш жараёни қандай амалга оширилади?
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Республика таълим маркази биология фани бўлими методисти Сурайё Ниёзованинг маълумот беришича, муаллиф мақоласида билдирилган фикрлар мутахассис ва муаллифлар томонидан ўрганилиб чиқилган. Унга кўра, 7-синф “Зоология” дарслигида мамлакатимиз ҳудудидаги ҳайвонлар ҳақида маълумотлар Фанлар академияси Зоология институти томонидан тайёрланган Қизил китобнинг сўнгги нашрига асосланган.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Жалолиддин Азимовнинг изоҳ беришича, вольвокс ва бошқа яшил хивчинли бир ҳужайралилар ўсимликлар билан ҳайвонлар ўртасидаги оралиқ формалар ҳисобланиб, улар ботаника ва зоологиянинг умумий тадқиқот объектидир. Бир ҳужайралиларни ўрганиш ўсимликлар билан ҳайвонлар ўртасидаги филогенетик муносабатларни тушуниб олишга ёрдам беради.
Демак, фанда ўрганилаётган тадқиқот объектларининг айримлари бўйича илмий хулосалар якунига етмагани ва улар бўйича изланишлар давом этаётганини инобатга олиш зарур.
– Органик оламнинг замонавий системасида барча эукароит бир ҳужайралиларни алоҳида протисталар дунёсига киритиш 1866 йилда немис олими Э.Геккел томонидан тавсия этилган, – деди 7-синф “Зоология” дарслиги муаллифи Очил Мавлонов. – Аммо бу системани мактаб ўқувчиларининг психо-физиологик хусусиятларини инобатга олган ҳолда уларнинг онгига етказиш муаммоси илмий-методик жиҳатдан узил-кесил ҳал этилмаган. Трипаносомаларни олайлик, улар ҳам хивчинлилар синфига кирувчи паразит ҳайвонлардир. Фақат кейинги даврларда трипаносома ва бошқа яшил рангга эга бўлмаган хивчинлиларни олимларимиз алоҳида ҳайвонсимон хивчинлилар синфи таркибида ўрганишни таклиф этмоқда. Шу жиҳатдан ва ўқувчиларнинг ёши, уларнинг тайёргарлик даражасини ҳисобга олиб, барча хивчинлиларни битта синф доирасида ўқитишни маъқул, деб ўйлайман.
Мақолада дарсликлар бугунги кун талабига жавоб бермаётгани ва уларни нашр эттиришдан олдин кучли экспертизадан ўтказиш кераклиги ҳақида ҳам сўз борган.
Келинг, энди мактаб дарсликлари нашри ва бу ишлар билан машғул бўлаётган ташкилотлар фаолияти ҳақида тўхталсак.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Республика таълим маркази дарсликлар, ўқув-методик адабиётлар ҳамда уларнинг мазмун-моҳияти, сифати ва нашри билан шуғулланадиган масъул ташкилотдир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 29 декабрдаги Узлуксиз таълим тизими учун ўқув дастурлари, дарсликлар ва ўқув қўлланмаларни қайта кўриб чиқиш ҳамда янгиларини яратиш бўйича ҳукумат комиссияси мажлиси баёнида кўрсатилган устувор вазифаларга мувофиқ, мазкур марказ дарсликлар ва ўқув-методик адабиётларни ишлаб чиқиш ҳамда улардаги сифат самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Мактаб дарсликларини яратиш, нашрга тайёрлаш ва чоп этиш ишлари марказнинг илмий-методик кенгаши аъзолари, фан докторлари, профессорлар, таниқли педагог-олимлар, амалиётчи ўқитувчилар томонидан ўрганилади ва ушбу кенгаш маъқуллаган дарсликлар чоп этишга рухсат этилади.
Марказнинг дарсликлар ва ўқув-методик адабиётларни ишлаб чиқиш бўлими томонидан берилган маълумотга кўра, 2018-2019 ўқув йили учун мактабларнинг 1-, 2-, 3-, 4-, 6-синфлари учун 76 номдаги дарсликлар тўлиқ нашрга тайёрланган. Чоп этилган ушбу дарслик ва ўқув қўлланмаларни нашрга тайёрлаш жараёнида муаллиф ва нашриётлар ҳамкорлиги йўлга қўйилиб, ҳар бир дарслик бўйича олий таълим муассасаларидан 129 та хулоса олинган. Улардан 42 таси салбий хулосадир. Ушбу салбий хулосалар олинган 42 та макет нашриётга қайтарилиб, муаллиф, муҳаррир РТМ методисти билан ҳамкорликда тўлиқ қайта ишланиб, дарсликлар сифати таъминланган.
– Дарсликларни нашрга тайёрлаш ишлари доимий назоратда бўлиб, фан методистлари, муаллифлар ва нашриётлар ҳамкорлигида амалга оширилади, – деди марказнинг дарсликлар ва ўқув-методик адабиётларни ишлаб чиқиш бўлими бошлиғи Сулаймон Назаров. – 2018-2019 ўқув йили учун тақдим этилган барча дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар махсус комиссияси томонидан текширилди ва қабул қилинди. Масалан, 1-, 2-, 6-(чет тили)синфлар ҳамда 11-синфлар учун нашр этилиши режалаштирилган дарслик мажмуалари ДТС ва компетенциявий ёндашувга асосланган янги ўқув дастурларига мос ҳолда хато-камчиликларсиз мазмунан ва дизайн жиҳатдан сифатли нашрга тайёрланди ва жойларга етказиб берилди. Айниқса, умумий ўрта таълим мактабларининг 11-синфлари учун жами яратилган 31 номдаги дарсликларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни ёритиш ва ўқувчиларга етказишга алоҳида эътибор қаратилди. Албатта, бунда ўқувчиларнинг ёши, воқеа-ҳодисаларга бўлган муносабати инобатга олинган. Шу билан бирга, мазкур 31 номдаги дарсликларни 131 номдаги таржима дарсликлари ҳам ўз вақтида нашр қилинди.
Айни кунда марказда 2019-2020 ўқув йилида чоп этиладиган дарсликларни нашрга тайёрлаш ишлари бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Режага кўра, умумий ўрта таълим мактабларининг 1-, 3-, 8-, 9-синфлар тўлиқ тўпламда (2-, 3-синф чет тили машқ дафтари, 4-синф чет тили дарслик ва машқ дафтари, 7-синф чет тили дарслик мажмуаси) нашр этилади.
Бу дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар мазмуни, сифатини янада яхшилаш ҳамда такомиллаштириш айни кун талабидир. Шу мақсадда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган методистлар, амалиётчи ўқитувчиларнинг мазкур дарсликлар юзасидан фикр-мулоҳазалари ўрганилмоқда. Бундан ташқари, ўқитувчиларнинг метод кунларини инобатга олган ҳолда вазирлик томонидан ўқув дастурлари ҳамда дарсликларни экспертизадан ўтказиш жадвали ҳам ишлаб чиқилди. 29 номдаги дарсликлар ушбу жадвал асосида экспертизадан ўтказилиб, бугунги кунда мазкур экспертиза хулосалари нашриётларга тақдим этиш учун тайёр қилинган.
– Биз, ўқитувчилар учун дарсликлар асосий манба ҳисобланади, – деди Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги 1-умумтаълим мактаби ўқитувчиси, Халқ таълими аълочиси Салимахон Қодирова. – Улардан қай даражада фойдаланиш эса ўқитувчининг маҳоратига боғлиқ. Дарсликларни яратиш, нашрга тайёрлаш ва чоп этиш бўйича бизда яхши тизим шаклланган, бироқ бу жараённи янада такомиллаштириш керак. Дарсликларни яратишда масъуллар мактаблардаги дарс жараёнлари ва уларнинг сифати билан яқиндан танишиши, машғулотларда қатнашиши, ҳатто ўқувчилар билан мулоқот қилиши мақсадга мувофиқ. Масалан, 11-синф ўқувчилари учун гуманитар йўналишидаги дарсликларда умумий фикрларга кенг ўрин берилган. Бу ўқувчиларни зериктиради. Шу боис, бу жараёнда мактаб ўқитувчиларининг фикр-мулоҳазаларини ўрганиш, улар билан суҳбатлашиш ўринлидир.
Айтиш жоизки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 5 сентябрдаги “Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни замон талаби даражасида такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Айни кунда мазкур қарорнинг 3-иловаси билан “2018-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар” дастури ишлаб чиқилган. Унга мувофиқ, дарслик ва илмий-методик адабиётлар яратиш, нашрга тайёрлаш ва тажриба синовдан ўтказиш тартиби Халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилмоқда. Келгусида мактаб дарсликларини ушбу тартиб асосида яратиш кўзда тутилган.
Мухтасар айтганда, мактаб дарсликларининг сифатли бўлишини таъминлаш бугунги куннинг долзарб вазифасига айланмоқда. Чунки бу дарсликлар азиз фарзандларимиз билимини бойитиш, маънавий етук ва баркамол қилиб тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга. Уларни сифатли, мазмунан бой ва мукаммал илмий хулосалар асосида яратиш эса мутахассисларнинг асосий вазифасидир. Шундай экан, дарсликлар ҳақида билдирилаётган фикр-муносабатларнинг илмий асослангани ҳар қандай тушунмовчиликларни бартараф этиб, кенг жамоатчилик олдида ишонч ва умид уйғотишга хизмат қилади.
Manba: uza.uz