Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида жойлашган “Magic City” боғида намойиш этилган театрлаштирилган томошанинг видеолавҳаси тарқалди. Унда ўз жонига қасд қилиш саҳнаси саҳналаштирилгани акс этган. Энг хавотирлиси — ушбу томошада катталар билан бир қаторда ёш болалар ҳам иштирок этгани маълум қилинди.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Болалар омбудсмани ҳолат юзасидан расмий баёнот билан чиқди.
Маълумот учун:
“Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 16-моддасига кўра, болаларни ўз жонига қасд қилишга ундайдиган ахборот маҳсулотини тарқатиш тақиқланади.
19-модда эса жамоат жойларида бундай ахборотни кўрсатиш учун махсус ҳимоя чоралари ва техник воситалар зарурлигини белгилайди.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 29 июлдаги 205-сон қарори билан тасдиқланган “Оммавий тадбирларни ўтказиш қоидалари”нинг 59-бандига кўра, одамлар ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солувчи ҳар қандай ҳаракат тақиқланади.
Болалар омбудсмани қуйидаги чораларни амалга оширди:
“Magic City” дирекциясидан мазкур воқеа юзасидан расмий муносабат билдириш ёки тушунтириш беришни сўради;
Қонунбузилиш ҳолати мавжудлиги ёки йўқлигини ўрганиш ва зарур бўлса, қонуний чоралар кўриш учун прокуратура органларига мурожаат йўллади.