Бугун 27 июнь, 2025 йил, жума

O'ZB

Лос-Анжелес марказида комендантлик соати жорий этилди

Лос-Анжелес марказида комендантлик соати жорий этилди

Шаҳар мэри Карен Басснинг баёнотига кўра, вандализм ва талончиликнинг олдини олиш мақсадида Лос-Анжелес марказидаги 1 квадрат миля (2,5 квадрат километр) ҳудудга кириш маҳаллий вақт билан 20:00 дан 06:00 гача ёпилди. Ушбу чеклов ҳудудда яшовчи маҳаллий аҳолига, журналистларга, фавқулодда хизмат ходимларига ва уйсизларга татбиқ этилмайди.

Лос-Анжелес полиция департаменти комендантлик соати жорий этилганига қарамай, шаҳар марказида одамлар тўпланишда давом этаётганини маълум қилди ва оммавий ҳибсга олишлар бошланиши ҳақида огоҳлантирди.

АFP ахборот агентлигига кўра, сўнгги беш кун ичида Трамп маъмуриятининг иммиграция сиёсатига қарши норозилик намойиши иштирокчилари Лос-Анжелес марказидаги бир нечта кўчаларни эгаллаб олди. Айрим иштирокчилар полиция билан тўқнашувларга киришган, автомобилларга ўт қўйган ва дўконлар ойналарини синдирган. 9 июн тонгида 23 та тижорат объекти талон-тарож қилинган, 500 дан ортиқ одам қўлга олинган.

"Баъзи норозилик намойишлари ва зўравонлик акс этган лавҳалар “бу бутун шаҳар бўйлаб тартибсизликлар ва инқирозли вазият юз бермоқда” деган таассурот уйғотмоқда, аммо бу ҳақиқатга тўғри келмайди", — деди Карен Басс.

Шаҳар мэри, шунингдек, АҚШ президенти Доналд Трампни Ноқонуний муҳожирларга қарши Иммиграция ва божхона назорати (ICE) томонидан рейдларни тўхтатишга чақирди. Басснинг сўзларига кўра, у бу масалани муҳокама қилиш учун Трамп билан боғланишга уринмоқда.

Киритилди: 11:05 11.06.2025. Ўқилди: 738 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!