«Барселона»нинг собиқ ҳужумчиси Роберт Левандовски яқин вақт ичида янги клуби борасида бир қарорга келиши мумкин.
Инсайдер Фабрицио Романонинг маълумотига кўра, польшалик футболчи АҚШнинг «Чикаго Файр» клубидан тушган таклифни кўриб чиқмоқда. Гап икки ёки уч йиллик шартнома ҳақида кетмоқда.
Хабар қилинишича, Левандовски оиласи ва агенти билан бирга Европага қайтган ҳамда келажаги борасидаги якуний қарорни шу ерда қабул қилади. Унинг Чикагога ташрифи ва клуб вакиллари билан ўтказган музокаралари ижобий баҳоланмоқда.
Айни пайтда 37 ёшли футболчи 2026 йил май ойида «Барселона»ни тарк этганидан кейин эркин агент мақомида қолмоқда. У каталонияликлар сафида тўрт мавсум давомида 183 та учрашувда иштирок этиб, 119 та гол урди ҳамда жамоанинг Ла Лигада уч марта чемпион бўлишига ҳисса қўшди.
«Чикаго Файр»дан ташқари, ҳужумчига «Интер Майами», Саудия Арабистони клублари ҳамда Италия А серияси вакиллари ҳам қизиқиш билдирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Роберт Левандовски Польша терма жамоаси сардори бўлиб қолмоқда. Бироқ унинг миллий жамоаси ЖЧ–2026 финал босқичига йўлланма ола олмади.