Бугун 2 ноябрь, 2024 йил, шанба

O'ZB

КХДР баллистик ракетаси қитъалараро “саёҳат қилди”

КХДР баллистик ракетаси қитъалараро “саёҳат қилди”

Жанубий Корея ва Япония манбаларида келтирилишича, Шимолий Корея учирган охирги қитъалараро баллистик ракета 86 дақиқа давомида (бу ҳозиргача қайд этилган энг узоқ давомли парвоз) 1000 километрдан ортиқ масофани босиб ўтиб, шарқий қирғоқ сувига қулаган.

ICBM номли бу учоқ ўткир бурчак остида кескин отилиб, 7000 км баландликка кўтарилган. Бундан келиб чиқадики, агар ракета тик йўналтирилса, янада узоқроқ масофани босиб ўта олади.

Навбатдаги муваффақиятли синов икки Корея ўртасидаги муносабат ўта ёмонлашган, Пхеньян ва Сеулнинг бир-бирига нисбатан иддаоси кучайиб бораётган бир пайтда амалга оширилди.

Корея Республикаси бир кун олдин Америкада 5 ноябрь куни бўлиб ўтадиган президентлик сайлови арафасида Шимол ICBM ракеталаридан ўқ отишга тайёрланаётганидан огоҳлантирган эди.

Сеул мудофаа вазирлиги таъкидлашича, “синов узоққа ва баландроққа ўт очадиган” қурол ҳозирлашга қаратилган ва бунга жавобан КХДРга янги санкция жорий этилиши мумкин.

Қўшма Штатлар ушбу парвозни “БМТ Хавфсизлик Кенгашининг кўплаб резолюцияларини қўпол равишда бузиш” деб атади.

– Бу амалиёт Шимолий Корея ноқонуний оммавий қирғин қуроллари ва баллистик ракета дастурларини ўз халқи фаровонлигидан устун қўйишда давом этаётганини кўрсатади, – деди Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Шон Саветт.

Пхеньян охирги марта 2023 йил декабрида БМТнинг узоқ муддатли ва жиддий санкциясига қарамай, ICBMни қўллаган. Ракета 73 дақиқа давомида тахминан 1000 км масофани босиб ўтган.

Шимол етакчиси Ким Чен Ин давлат оммавий ахборот воситаларида тарқатилган, камдан-кам учрайдиган ҳисоботда мазкур синовни “душманларга жавоб” ва “тегишли ҳарбий ҳаракат” дея таърифлади.

– Ишонч билан айтаманки, КХДР ҳеч қачон ўз ядровий кучларини такомиллаштиришдан тўхтамайди, – деди Ким Чен Ин.

Шимолий Корея экспертлари фикрича, операция ракеталарнинг фойдали юкини кўпайтиришга қаратилган. Пхеньян “катта ва оғир каллакли бўлса-да, АҚШ материгига бориб тегадиган” ракета ишлаб чиқармоқда, Бу хулоса КХДР тадқиқотлар университети доценти Ким Донг Юпга тегишли.

Шу воқалар асносида Корея Республикаси ва Америка расмийлари учрашиб, “кучли ва аниқ жавоб чоралари кўришга келишиб олди”, дейилади жанублик ҳарбийлар баёнотида.

Сўнгги ракета синови Жанубий Корея ва АҚШ Шимолий Корея РФни Украина билан урушда қўллаб-қувватлаш учун қўшин жўнатганини даъво қилгандан кейин уюштирилди.

Пентагон ҳисоб-китобига кўра, КХДРнинг 10 000 га яқин аскари Россия шарқида машғулот ўтказиш учун жойлаштирилган. РФда Шимол қўшинлари мавжудлиги тахмин қилинаётгани бу икки мамлакат алоқалари аллақачон чуқурлашганидан далолат. Пхеньян ва Москва фаразни на тасдиқлади, на инкор қилди.

Киритилди: Бугун 10:58. Ўқилди: 1113 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!