Бугун 28 ноябрь, 2026 йил, шанба

O'ZB

Кўчада юриш одоби

A A A
Кўчада юриш одоби

Агар бирор юмуш юзасидан уйдан кўчага чиқаётганда “Аллоҳ номи билан Аллоҳга таваккал қилдим, Ундан бошқада куч-қудрати йўқ”, деб чиқилса, уйга қайтгунча бало-офатлардан омонда бўлинади.

Кўчада камтарона, тезлашмай ёки сустлашмай оҳиста, тўғри юриш мусулмоннинг одобидир.

Кўчада уёқ-буёққа анқайиб, аланглаб, таом еб, писта чақиб, ялангоёқ юриш, туфлаш, бурун қоқиш, ифлос жойларни босиш одобимизга тўғри келмайди.

Йўлда юрганда одамларга халал берувчи пўчоқ, тош, сим, шох-шабба каби нарсаларни бир четга олиб ташлаш ҳам одобимиздан. Тупук ва балғам кўрилса, усти тупроқ билан ёпиб ўтилади.

Кетаётганда йўл четида ўтирган ёки қаршисидан чиққан одамларга салом бериб ўтилади, салом берилса алик олинади.

Ота, устозлар, улуғ кишилар билан бораётганда улардан бир-икки қадам орқада, ижозат берсалар ўнг ёнларида юрилади. Аёлларнинг ҳам эрлари ёки маҳрамларидан бироз орқада юришлари одобдандир.

Танҳо юришдан ор қилинмайди, аммо бирон кишининг орқасидан юришга ҳам одат қилинмайди.

Одамларга халақит бериб йўл устида суҳбатлашиш, овознинг борича чақириш ёки шарақлаб кулиш мумкин эмас. Кўчада кетаётган ночор, майиб-мажруҳ, кекса кишиларга ёрдамлашиш, юкларини кўтариб ёки ўзларини қўлтиқлаб олиш, кўзи ожизлар, қариялар ёш болаларни ариқдан, катта йўлдан ўтказиб қўйиш ҳам Ислом одобига киради.

Кўчада ярим яланғоч ёки хунук, кир кийимларда юриш ҳам тарбиясизлик аломатидандир.

Агар таниш ёки излаб юрган одамингиз билан учрашиб қолинса йўлдан бир четга чиқиб сўзлашилади ёки саломлашиб тез ўтиш билан кифояланилади.

Кўчада шошилиб, қадамни катта ташлаб, одамларни туртиб-суртиб юриш яхши эмас. Фақат жамоат намозига кечикилаётгандагина шошилишга рухсат берилади.

Бозор, масжид каби жамоат жойларида, гавжум жой ва кўчаларда бошқаларга азият етказмай оҳиста, эҳтиёткорлик билан, бировнинг оёғини босиб олишдан қўрқиб юрилади. Йўлда кетаётганда ўзгаларнинг очиқ эшикларидан ичкарига қарамаслик, юмуши бўлмаса бировнинг уйи олдида турмаслик керак. Кўчада, йўл ёқасида беҳуда туриш ёки ўтириш матлуб эмас. Зарурат туфайли буларга мажбур бўлиб қолинса, кўчанинг ҳаққини адо этиш, яъни кўзларни ҳеч кимга қаратмаслик, бировларга азият бермаслик, саломга алик олиш, амри маъруф (яхши ишларга буюриш) ва наҳий мункар (ёмон ишлардан қайтариш) билан машғул бўлиш керак.

Интернет сарҳадларидан

Киритилди: 11:50 21.09.2018. Ўқилди: 31994 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар