Қатарда давом этаётган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоасининг кейинги босқичга чиқиши расман аниқлашди.
Гуруҳ босқичининг сўнгги кунида «К» гуруҳидаги учрашувлар ҳам якунланди. Ўзбекистон учун ҳал қилувчи аҳамият касб этган баҳсда Руминия Камерунни 3:1 ҳисобида мағлуб этди.
Руминияликлар иккинчи бўлим бошида кетма-кет учта гол уриб, йирик ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Камерун эса учрашув якунида битта жавоб тўпини киритди.
Мазкур натижадан сўнг Руминия 3 очко билан учинчи ўринни эгаллади. Бироқ Европа вакилларининг тўплар нисбати Ўзбекистонникидан паст бўлиб чиқди.
Шу тариқа, 3 очко ва +1 тўплар нисбатига эга Ўзбекистон U-17 терма жамоаси учинчи ўринни эгаллаган жамоалар орасида саккизинчи бўлиб, 1/16 финалга чиқиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Энди футболчиларимиз плей-оффнинг илк босқичида Испания билан куч синашади. Испанияликлар гуруҳ босқичида учала учрашувда ҳам ғалаба қозониб, 22 та гол урди ва ўз дарвозасидан бирорта ҳам тўп ўтказмади. Шу натижа билан улар гуруҳ ғолиблари орасида энг яхши кўрсаткични қайд этди.
«К» гуруҳининг иккинчи баҳсида Мексика ва Венесуэла ўртасидаги учрашув 0:0 ҳисобида якунланди. Ҳар икки терма жамоа 7 очкодан жамғарди, бироқ тўплар нисбати яхшироқ бўлган Мексика биринчи, Венесуэла иккинчи ўринни эгаллади.
Гуруҳни Руминия 3 очко билан учинчи, Камерун эса очкосиз охирги поғонада тугатди.
Ўзбекистон ва Испания ўртасидаги 1/16 финал учрашуви 30 ноябрь куни бўлиб ўтади.