Москвада Кремль Украина президенти Владимир Зеленский ва Ильҳом Алиев ўртасидаги 1 июлда бўлиб ўтган телефон суҳбатини Россия–Озарбайжон муносабатларидаги инқирозни кучайтиришга қаратилган ҳаракат деб баҳолади. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг таъкидлашича, Киев «ўтга ёғ қўшиш» ва Бокуни «эмоционал ҳаракатларга ундаш» мақсадида ушбу қадамга борган.
Зеленский суҳбатдан сўнг, Озарбайжонга Россия томонидан «фуқароларингиз устидан масхаралар» ва таҳдидларга қарши қўллаб-қувватлаш билдирганини айтди. Кремль эса бундай баёнотни «провокация» сифатида қабул қилмоқда.
Россия–Озарбайжон муносабатларидаги кескинлашув Екатеринбургда 2001–2011 йилларда содир этилган жиноятлар бўйича гумон қилинган олти нафар азербайжонлик фуқаронинг қўлга олиниши ортидан юзага келди. Тергов жараёнида икки нафар гумонланувчи вафот этди. Россия Тергов қўмитаси улардан бири юрак хуружига учраганини билдирган бўлса, Боку уларда зўравонлик излари борлигини айтди ва қотиллик ҳамда қийноқлар бўйича жиноят иши қўзғатди.
Жавоб тариқасида, Озарбайжонда «Sputnik Азербайжон» ахборот агентлиги офисида текаширув ўтказилди, агентлик раҳбари Игор Картавых ва бош муҳаррир Евгений Белоусов қўлга олинди. Уларга фирибгарлик, ноқонуний тадбиркорлик ва жиноий даромадларни ювиш айби қўйилди. Шунингдек, 1 июл куни Озарбайжонда Россиянинг 8 фуқароси наркосавдо ва кибержиноятчиликда гумонланиб ушлангани маълум бўлди.
Песков Россия фуқароларининг ҳуқуқлари «барча дипломатик каналлар ва мавжуд воситалар орқали» ҳимоя қилинишига ваъда берди. Унга кўра, Бокуга Россия томонидан ҳеч қандай таҳдид бўлмаган, ва келиб чиққан можаро Россия ҳудудидаги жиноятларни фош қилишга қаратилган тергов ҳаракатлари сабабли юзага келган.
Айни пайтда, ОзарбайжонРоссия билан барча ҳукуматлараро ва маданий тадбирларни бекор қилди.