Жанубий Кореянинг машҳур BTS гуруҳи “MTV European Music Awards 2020”нинг тўрт тоифасида тўрт совринни қўлга киритди.
Бу ҳақда мукофот матбуот хизмати хабар берди.
Унга кўра, гуруҳ "Энг яхши қўшиқ", "Энг яхши гуруҳ", "Энг яхши онлайн концерт" ҳамда "Энг катта мухлислар базаси" йўналишларида ғолибликни қўлга киритган.
Шунингдек, “Coldplay” мусиқачилари “Энг яхши рок гуруҳи”, Леди Гага “Энг яхши хонанда”, Хейли Уильямс эса “Энг яхши алтернатив ижрочи” деб топилган.
Таъкидланишича, коронавирус пандемияси туфайли тақдирлаш маросими бир жойда ўтказилмаган ва ғолиблар сайёрамизнинг турли бурчакларидаги чиқишларини видеога ёзишга мажбур бўлишган. Маълумотларга кўра, тақдирлаш маросими тадбирлари 2021 йилда Венгрияда бўлиб ўтади.
Ҳар йили ўз эгаларига топшириладиган мукофот 1994 йилда “MTV Europe” мусиқий телеканали томонидан таъсис этилган. Унинг ғолиблари интернет орқали овоз бериш йўли билан аниқланади.