«Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги президент фармойиши қабул қилинди.
Унга кўра, Конституциянинг 32 йиллигини муносиб кутиб олиш ва юксак савияда нишонлаш учун «Конституция – эркин ва фаровон ҳаёт гарови!» деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий ҳамда маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилади.
Шунингдек, Конституция кунига бағишланган байрам тадбирларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш дастури ҳамда ташкилий қўмита тасдиқланди.
Байрамни нишонлаш мақсадида қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилади:
- янгиланган Конституция мазмун-моҳияти ва «Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг асосий устувор йўналишлари доирасида белгиланган туб ислоҳотлар ҳақида маҳаллалар, таълим ва меҳнат жамоаларида маърифий учрашув ва суҳбатлар ўтказиш;
- сўнгги йилларда иқтисодий, ижтимоий, маданий-маънавий ҳаётнинг турли соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва бу борада эришилаётган натижаларни мустаҳкамлашда янги таҳрирдаги Конституциянинг ўрни ва ролини ёритиш;
- «Конституция – эркин ва фаровон ҳаёт гарови!» деган ҳаётий шиорнинг моҳияти ва аҳамиятини, янги таҳрирдаги Конституция асосида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида мутлақо янги босқичга ўтилганлигини очиб бериш;
- мулкий ҳуқуқларнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантириш, нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, оила, оналик, болалик ва оталикни ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамиятини кенг тарғиб қилиш;
- «Конституция ойлиги» доирасида умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим ташкилотларида барча ўқувчи ва талабаларни қамраб олган ҳолда Конституция дарсларини ўтказиш.