Кобулда болалар учун мўлжалланган “ғилдиракли кутубхона” пайдо бўлди, дея хабар бермоқда France-Presse агентлиги.
Давлат транспорт компаниядан ижарага олинган кўк автобус болаларнинг китоб ўқиши, шахмат ўйнаши ва ўртоқлари билан мулоқот қилиши учун ажойиб жойга айланди. Оддий кутубхонадан фарқли равишда бу ерда жимликка риоя қилиш шарт эмас. Қизлар автобуснинг олд қисмида, ўғил болалар эса орқасида ўтиради. Тартибни сақлаш вазифаси уч нафар кўнгиллининг зиммасига юклатилган.
Автобус хавфсиз йўналишлари бўйлаб шаҳарни айланиб чиқади. Унинг ичида Афғонистондаги нашриётлар совға қилган олти юзга яқин китоб бор. Ушбу лойиҳага Оксфорд университети битирувчиси, 26 ёшли Фаришта Карим асос солди.