Оқ уйнинг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби Исроилнинг Эронга зарба беришга тайёргарлиги ҳақидаги ўта махфий маълумотлар ошкор этилганидан хавотир билдирди.
"Биз ҳар қандай махфий маълумотларнинг кенг жамоатчилик қўлига тушишидан чуқур хавотирдамиз. Президент Жо Байден ҳам бундан хавотирда. Бундай бўлмаслиги керак, бу каби ҳолатларни қабул қилиб бўлмайди", — дея изоҳ берди Кирби матбуот анжуманида.
15 ва 16 октябр саналарига тегишли ҳужжатлар 18 октябр куни интернетда тарқала бошлади. CNN маълумотларига кўра, улар “ўта махфий” деб таснифланган ва бу маълумотларни фақат АҚШдан ташқари, Канада, Янги Зеландия, Буюк Британия ва Австралияни ўз ичига олган “Беш кўз” разведка алянси аъзолари кўриши мумкинлиги қайд этилган.