Yum Brands Inc компаниясига тегишли KFC тез овқатланиш ресторанлари тармоғи оператори келгуси беш йил ичида Буюк Британия ва Ирландияга 1,49 миллиард фунт стерлинг (2 миллиард доллар) сармоя киритишни режалаштирмоқда.
Бу ҳақда Reuters ёзмоқда.
Бу KFC'нинг ўзида ҳам, унинг таъминот занжирларида ҳам 7 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш имконини бериши кутилмоқда.
Тахминан 466 миллион фунт стерлинг янги ресторанлар очиш ва 200 та мавжуд нуқталарни янгилашга, яна 583 миллион фунт стерлинг янги иш ўринларига йўналтирилади.
Ҳозирда Буюк Британия ва Ирландиядаги KFC тармоғидан 30 минг киши ишлайдиган 1 мингдан ортиқ нуқта мавжуд, деб таъкидлайди Reuters. Компания яқин ўн йил ичида яна 500 та ресторан очишни режалаштирмоқда.
KFC'нинг таъкидлашича, Британияда унинг таклифларига талаб ортиб бормоқда: "Биз бозор фақат ўсишини кутмоқдамиз, қовурилган товуққа бўлган талаб бошқа тоифадаги тез овқатланиш ресторанлари таклифларидан ошиб кетмоқда."