12 август куни 20 йиллик муҳокамалардан сўнг Россия, Эрон, Озарбойжон, Қозоғистон ва Туркманистон президентлари Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги конвенцияни имзолашди.
СССР тарқалганидан кейин мазкур акваҳудудни ажратиш ва ресурсларни тақсимлаш муаммоси пайдо бўлди. Собиқ иттифоқ мамлакатлари Каспийга даъвогарликлари ҳақида маълум қилишди.
Таъкидлаш жоизки, Каспий - Европа ва Осиё чорраҳасида жойлашган сув ҳавзаси, нефть ва табиий газ қазиб олинувчи энг қадимий ҳудудлардан бири.
Каспийнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги конвенция нималарни назарда тутади:
Президентлар қандай янги таклифлар билдиришди?
Каспий бўйи мамлакатлари президентлари Конвенциянинг имзоланиши минтақадаги аҳил кўшничилик алоқаларининг мустаҳкамланишига ёрдам бериши ва савдо, транспорт ва энергетика лойиҳаларини ривожлантиришга туртки беришига ишонч билдиришмоқда. Бунинг учун ҳар йили Каспий "бешлиги"га кирувчи мамлакатлардан бирида ўтказиладиган Каспий иқтисодий форуми формати яратилди. Биринчи форум 2019 йилда Туркманистонда ўтказилиши режалаштирилди. Ашхободда ўтказилиши кутилаётган форумнинг санаси томонлар келишувига асосан белгиланади.
Каспий бўйи мамлакатлари учун муҳим аҳамиятга эга ҳужжатлардан бири имзоланган бўлса-да, саммитда олдинда қилиниши керак бўлган ишлар ҳали кўплиги қайд этилди. Масалан, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Каспий денгизидаги ҳарбий фаолият бўйича алоҳида шартнома имзолаш ғояси билан чиқди. Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Каспий тубини чегаралаш тўғрисидаги келишувга эришиш зарурлигини таъкидлади. Путин ўз ўрнида денгиз транспорти ҳақидаги битимни ишлаб чиқиш муҳимлигига урғу бериб, Каспийда наркотрафикка қарши курашга доир ҳужжатни ишлаб чиқиш ҳақида ўйлаб кўришни таклиф қилди.
Инвестицияларнинг ўсишига йўл очилмоқда
Каспий мамлакатлари имзоланган конвенция инвестициялар учун йўл очиши ва денгиз бўйи давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни рағбатлантириш учун хизмат қилишига умид қилмоқда. Саммитда сўзга чиққан Қозоғистон президентининг сўзларига кўра, ҳозирча ўзаро савдо кўрсаткичлари ҳавас қиларли даражада эмас. Унинг фикрича, товарлар номенклатурасини кенгайтириш учун мунтазам равишда беш мамлакат иқтисодиёт вазирлари ўртасида ўзаро маслаҳатлашувлар ўтказиш мақсадга мувофиқ.
Туркманистон Каспийнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги конвенциянинг қабул қилиниши орқали ўзининг газ экспортини диверсификация қилишга ва шу тариқа туркман табиий газини ташқи бозорлар, жумладан Европа мамлакатларига чиқариш муаммосини ҳал қилишга умид қилмоқда.
Шунингдек, Туркманистон мазкур Конвенция Каспий тубидан Озарбойжонгача Транскаспий газ қувурини қуриш ва Трансанатолий газ қувури (TANAP)га уланишга имкон беради, дея тахмин қилмоқда. Бу газ қувури Озарбойжондан Грузия ва Туркия орқали Греция чегарасига газ етказиб беришни кўзда тутади, у ердан Жанубий Европага йўналган Трансадриатик газ қувурига йўл очилади. Энг оптимистик прогнозларга кўра, Озарбойжон табиий гази 2019-2020 йилларга бориб ана шу газ қувурлари орқали Европага етказилади. Озарбойжон, Грузия, Туркманистон, Туркия ва Евроиттифоқ бир неча йиллардан бери Каспий бўйи минтақасидан Европага табиий газ экспорти лойиҳаси устида иш олиб боришмоқда. Каспийнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги конвенциянинг имзоланиши эса бу жараённи тезлаштириши мумкин.
Бундан аввал Kun.uz'да Каспий денгизи бўйича саммит ўз ишини бошлагани, беш мамлакат президентлари Актау конвенциясини имзолагани ва Каспий бўйи мамлакатлари Эрон ядровий шартномасини қўллаб-қувватлаганига доир маълумотлар берилган эди.
Manba: kun.uz