Waymo компанияси Сан-Франциско яқинидаги автомобиль йўлларида содир бўлган икки ҳодисадан сўнг АҚШ автомагистралларига ҳозирча ҳайдовчисиз автомобилларни чиқармайди. Бу ҳақда NBC News нашри хабар берди.
Калифорния ҳукумати Waymo компаниясининг роботаксиларига штат ҳудудидаги йўлларда ҳаракатланишни тақиқлади. Ҳукумат вакилларининг таъкидлашича, ушбу транспорт воситалари жамоат хавфсизлигига бевосита таҳдид солмоқда.
Калифорния Автотранспорт воситалари департаменти маълумотларига кўра, бундай қарор Waymo компаниясининг ҳайдовчисиз автомобилларидан бири Сан-Франциско яқинидаги автомагистралда ҳаракатни тартибга солаётган йўл патрули ходимларини айланиб ўтишга уринганидан кейин қабул қилинган.
Бундан ташқари, яна бир ҳодисада компаниянинг учта роботаксиси йўл таъмирлаш ишлари олиб борилаётган ҳудудга кириб кетган.
Waymo компанияси қурилиш майдонида содир бўлган ҳодисалар оқибатида ҳеч ким жабрланмаганини ва автомобиллар тўқнашмаганини маълум қилди. Шунингдек, автомагистралларда ҳаракатни қайта тиклаш учун давлат идоралари билан ҳамкорликда иш олиб бораётганини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Waymo компаниясининг роботаксилари АҚШнинг ўндан ортиқ шаҳрида хизмат кўрсатади. Google компаниясининг бош компанияси Alphabet Inc. таркибига кирувчи Waymo ҳайдовчисиз таксиларини илк бор 2024 йилда Сан-Франциско шаҳрида ишга туширган.