Россиянинг Кабардино-Балкария ҳудудидаги Безенги дарасида жойлашган Мижирги тоғида қор кўчкиси содир бўлиб, 11 нафар альпинист ҳалок бўлди. Яна олти киши жароҳат олган ва шифохонага ётқизилган. Бу ҳақда Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг минтақавий матбуот хизмати хабар берди.
Янгиланган маълумотларга кўра, 10 нафар альпинист мустақил равишда тоғдан пастга тушишга муваффақ бўлган. Яна олти кишининг тақдири ҳозирча номаълум.
Маълумотларга кўра, гуруҳда жами 33 киши бўлган. 6 сентябрь куни кечқурун Мижирги тоғи ҳудудида ҳаракатланаётган 15 нафар альпинистдан иборат гуруҳ қор кўчкиси остида қолган. Дастлаб икки киши ҳалок бўлгани маълум қилинган эди.
Қидирув-қутқарув ишларига Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Эльбрус баланд тоғ қидирув-қутқарув гуруҳи ҳамда Кабардино-Балкария Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бош бошқармасининг тезкор гуруҳи жалб қилинган.
Айни пайтда қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.
Россия Тергов қўмитаси альпинистларнинг ҳалок бўлиши юзасидан бепарволик билан боғлиқ жиноий иш қўзғатиб, тергов олиб бормоқда. Кабардино-Балкария прокуратураси эса ҳодиса ҳолатларини текширишни назорат қилмоқда.