Европа дипломатияси раҳбари бу ҳужумлар ортида ким турганидан қатъи назар, воқеаларни мустақил тергов қилишга чақирди.
"Талофатлар ва кўп сонли тинч аҳолининг жароҳатланишига олиб келган бу ҳужумларнинг уюштирилишини қабул қилиш мумкин эмас. Бундай ҳаракатлар Ливанда террористик ҳаракатларнинг кучайишига олиб келади", — дея таъкидлади Боррел.
17 сентябр куни Ливанда “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати аъзоларига тегишли минглаб пейжерлар портлади. Эртаси куни “Ҳизбуллоҳ” аъзоларининг рациялари портлагани хабар қилинди. Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, иккала ҳужум натижасида камида 32 киши, жумладан, икки бола ҳалок бўлган, 3450 дан ортиқ киши жароҳатланган. Reuters манбасининг таъкидлашича, Исроил разведкаси пейжерларга "ишлаб чиқариш вақтида" портловчи моддалар ўрнатган.