Бугун 25 октябрь, 2024 йил, жума

O'ZB

Жорий йил 1 августдан электр энергиясини ҳисоблашнинг янги биллинг тизими жорий этилади

Жорий йил 1 августдан электр энергиясини ҳисоблашнинг янги биллинг тизими жорий этилади

Ҳозирда мазкур тизим синов тарзида Яккасарой туманида жорий этилган. Бундан ташқари, унинг мобил иловасини ҳам ишлаб чиқиш белгиланган.

Жорий йилнинг 1 августидан Ўзбекистонда электр энергиясини ҳисоблашнинг янги биллинг тизими жорий этилади.

Бу ҳақда 11 июль куни “Ҳудудий электр тармоқлари«да ўтказилган матбоут анжуманида корхона бошқарув раиси биринчи ўринбосари Алвар Ғайбуллаев маълум қилди, дея хабар бермоқда «Спот» мухбири.

Ҳозирда корхона истеъмолчиларига етказиб бериладиган электр энергияси ҳисоби 2012 йилда жорий қилинган биллинг тўлов тизими асосида юритилади.

«Бизга замонавий биллинг тизими керак эди, 2022 йилнинг охирида янги тизим бўйича техник шартлар ишлаб чиқилди. Жорий йилнинг 1 августидан бутун мамлакатда мазкур тизим янгиланади», — деди Ғайбуллаев.

Унинг қайд этишича, ҳозирда мазкур тизим синов тарзида Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида жорий этилган.
Амалдаги тизимда абонентнинг исм-фамилияси, паспорт маълумотлари ва ҳисоб-рақами бўлган бўлса, янги тизимда абонентнинг кадастр маълумотлари, битта одам номида нечта ҳисоб рақами борлиги каби маълумотлар мавжуд бўлади.

Янги тизимда мониторинг ишларини олиб бориш мақсадида истеъмолчининг шикоят ва таклифлари, уларнинг сони ҳам ёзиб борилади. «Умуман бошқа биллинг бўлади», дейди Алвар Ғайбуллаев.

Бундан ташқари, тизимнинг мобил иловаси ҳам ишлаб чиқилди. У орқали амалга оширилган тўловлар ҳамда истеъмол қилинган электр энергияси миқдорини онлайн олиш мумкин бўлади.

Шунингдек, у «ақлли» ҳисоблагич билан таъминланганлик даражаси 90%ни ташкил этишини билдирди. Ҳудудларда 782 мингта «ақлли» ҳисоблагичлар ўрнатиш белгиланган бўлиб, бугунги кунда шундан 210мингта абонент қолган.

Жорий йилнинг 1 августигача қолган истеъмолчилар ҳам «ақлли» ҳисоблагичлар билан таъминланади. Натижада, кўрсаткич 100%га етказилиши, яъни мавжуд 8,5 млн абонент қамраб олиниши кутилмоқда.

“Бир нарсани айтиш керакки, мамлакатда 100% „ақлли« энергия ҳисоблагичлари ўрнатилди, деб бўлмайди, нимага деганда, йиллик ўсиш 2%ни ташкил этади: аҳоли кўпаймоқда, уй-жой қурилмоқда, ишлаб чиқариш ортмоқда. Шундай экан, кўрсаткични 100% етказиб бўлмайди», — деди у.

2023 йилнинг сентябрида қабул қилинган президент қарори билан электр энергияси улгуржи ва чакана бозорлари механизмларига босқичма-босқич ўтиш концепциясини амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланган.

Ҳужжат билан, «Ҳудудий электр тармоқлари» корхонасига 2024 йил охиригача янги биллинг тизимини жорий этиш топширилганди. Жорий йилнинг февраль ойида корхона мазкур тизимни такомиллаштириш мақсадида ягона биллинг тизими ишлаб чиқилаётганини маълум қилганди.

Йил бошида давлат раҳбари электр, газ, сув, иссиқлик, чиқинди, «квартплата», солиқ тўловлари бўйича ягона биллинг ҳисоб-рақамни жорий қилиш кераклигини билдирганди.

Аввалроқ «Ҳудудий электр тармоқлари» ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар бўйича расмий муносабат билдириб, ҳисоблагичлардаги ҳар бир кўрсаткич аниқлик билан ҳисоб-китоб қилинишини таъкидлаганди.

Киритилди: 19:55 11.07.2024. Ўқилди: 2987 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!