Ўзбекистонда сеҳр-жоду билан шуғулланганлик учун маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик белгиланиши мумкин. Адлия вазирлиги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Жиноят кодексига шу ҳақида нормалар киритишни таклиф қилмоқда.
Ҳозирги кунда фолбин, сеҳргар, экстрасенслар ва бошқа шу каби шахслар томонидан инсон ва аҳолининг оммавий онгига салбий таъсир ўтказиш ҳолатларининг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган қонун қабул қилиниши зарурати юзага келмоқда , дейилади Адлия вазирлигининг Kun.uz интернет нашрига берган хабарида.
Адлия вазирлиги бу каби эзотерик масалалар ҳақида нега қайғуриб қолди: вазирликнинг айтишича, ҳозирги вақтда Ўзбекистонда сеҳр-жодунинг кенг тарқалиши кузатилаётган экан.
Бунинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлар идораси доимий равишда аҳоли ўртасида сеҳр-жоду амаллари билан шуғулланувчилар хизматидан фойдаланмаслик тўғрисида тушунтириш ишларини олиб бораётган экан.
Лекин ЎМИ томонидан 318 та давра суҳбати ўтказилганига қарамасдан сеҳр-жоду қилиш важи билан фуқароларнинг ишончига кириб, фирибгарлик қилинаётган ҳоллар учраб тураётган экан.
Адлия вазирлиги Ҳиндистон, ЖАР, Уганда, Замбия, Кения, араб давлатлари каби 20 дан ортиқ мамлакатда сеҳр-жоду амалиётининг ҳуқуқий тартибга солинишини ўрганган. Баъзиларида сеҳр-жоду билан шуғулланиш қонун билан, баъзиларида шариат қоидалари билан тақиқланган, яна бошқаларида бу фаолиятга тадбиркорликнинг бир кўриниши сифатида қаралар экан.
Халқимизнинг азалий қадриятлари, муқаддас динимиз сеҳр-жоду билан шуғулланишга тадбиркорликнинг бир тури сифатида қарашга, шундай қабул қилишга асло йўл қўймайди , дейди Адлия вазирлиги.
Адлия вазирлиги сеҳр-жодуга қарши қандай курашмоқчи: вазирлик мутахассислари бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритмоқчи.
Manba: minbar.uz