АҚШ президенти Жо Байден Корея Халқ Демократик Республикаси (КХДР) раҳбари Ким Чен Ин билан шахсан учрашишдан бош тортди.
Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки брифинг пайтида айтиб ўтди. Псаки журналистнинг «Давлат раҳбари КХДР раҳбари билан музокаралар столига ўтиришга тайёрми ёки йўқ?» деган саволига жавоб берар экан, унинг ёндашуви «умуман бошқача» эканини ва у бундай қадам ташлаш ниятида эмаслигини таъкидлаган.
Олдинроқ Америка раҳбари Корея ярим оролини ядросизлантириш масаласини ўзининг ташқи сиёсатидаги энг устувор вазифаси деб атаган эди. Байден КХДРнинг яқинда ракета учирилишини қоралади ва бунга муносиб жавоб бўлишини таъкидлади. Шунингдек, у Пхеньян билан алоқаларда дипломатияга очиқ эканлигини қўшимча қилди.
2018 йилдан бери АҚШ ва КХДР ушбу масалада музокаралар олиб бормоқда. АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп ушбу борада келишувга эришилган тақдирда КХДРдан санкцияларни олиб ташлашга тайёрлигини айтган эди. Бироқ, 2019 йил октябрь ойида бўлиб ўтган сўнгги музокаралар муваффақиятсизликка учраган. Бу ҳақда Пхеньян хабар берган, АҚШ эса рад этган эди.
2020 йил декабрь ойида КХДР АҚШ билан ядросизлантириш масаласида қўшимча мулоқотга муҳтож эмаслигини билдирди.