Бугун, 17-май куни Жиззахда маҳаллий бозор яқинида жойлашган чойхонада ёнғин содир бўлди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати берган маълумотга кўра, ёнғин ҳақида хабар соат 13:18 да келиб тушган. Ҳодиса жойига икки ёнғин-қутқарув гуруҳи етиб борган. Соат 13:39 га келиб олов ўраб олиниб, ёнғин кенг тарқалишининг олди олинган. Айни пайтда тўлиқ ўчириш ишлари давом эттирилмоқда.
Вазирлик ижтимоий тармоқларда тарқалган, гўёки бозорнинг ўзи ёнаётганига доир миш-мишларни рад этди. Расмийлар таъкидлашича, ёнғин бозорда эмас, балки унинг ёнида жойлашган чойхонада юз берган.
Ёнғин сабаблари ва етказилган зарар миқдори бўйича қўшимча маълумотлар кейинроқ эълон қилинади.