Корея Республикаси ҳукумати муддатидан олдин президентлик сайловини 3 июнга белгиламоқчи. Бу хабарни “Yonhap” тарқатган.
Ҳукуматдаги манба агентликка айтишича, сайловни ўтказиш масаласи Вазирлар Маҳкамасининг сешанба куни бўлиб ўтадиган режадаги йиғилишида кўтарилади.
Сайлов санасини белгилаш учун Вазирлар Маҳкамаси мажлисини ўтказиш зарурлигини кўрсатувчи аниқ ҳуқуқий меъёр йўқ. Фақат сайлов вақтинча дам олиш талаб қилинадиган муҳим жараёнлигини ҳисобга олиб, масала ҳукумат даражасида муҳокама қилинади.
Маҳаллий оммавий ахборот воситалари аввалроқ президентлик сайлови муддати сешанба кунги йиғилишдан сўнг эълон қилиниши ҳақида ёзганди. Президент вазифасини бажарувчи Бош вазир Хан Док Су давлат раҳбари лавозимидан четлатилгандан кейин 10 кун ичида, яъни 14 апрелгача санани белгилаши керак.
Маълумки, 4 апрель куни мамлакат Конституциявий суди бир овоздан собиқ президент Юн Сок Ёлни ҳарбий ҳолат эълон қилгани учун ҳокимиятдан четлатди. Собиқ президент у ёки бу тарзда парламентнинг барча беш айбловини тан олган. Энди 60 кун ичида сайлов ўтказилиши лозим.
Айни пайт мухолифат етакчиси Ли Чже Мён даъвогарлар орасида яхшироқ имкониятга эгалиги таъкидланмоқда. У 2022 йил Юн Сок Ёлга кичик фарқ билан ютқазган.