Бир-биримизга ола қарашни бас қилмасак, узоққа бормаймиз.
Тўғрироғини айтадиган бўлсак, ҳеч қаерга боролмаймиз. Жамият ичидаги турфа гуруҳлар ўзаро келишувга келиб, ушбу умумий уйда биргаликда яшашнинг умумий қоидаларини ишлаб чиқмаса... бир жойда топталиб тураверамиз – барча куч, вақт ва иқтидор маъносиз (маъноли бўлса майли эди) тортишувга, ҳуқуқларни талашишга кетиб қолади.
Вақт эса зиқ – зудлик билан том маънодаги жамиятга – онгли кишилар иттифоқига айланмасак, бир фурсатдан кейин яна бир бор тутқунликнинг бирон-бир турига мубтало бўламиз.
Зеро “ҳукмронлик” тушунчаси бўшлиқни инкор этади – омма том маънодаги жамиятга айланмаса уни – оммани тутқун қилиб, барча ҳаётий сувларини сиқиб ичадиганлар албатта топилади. Бу эса бизга керак эмас. Шунинг учун биз зудлик билан жамиятга айланишимиз керак.
Шаклан бу осон аслида – ҳар бир гуруҳ ўзининг, асосий меъёрларга зид бўлмаган, ҳуқуқларини эътироф этади, ўзаро маслаҳат қилинади ва ёнма-ён яшаш қоидалари қабул қилинади. Турли қарашларга эга инсонлар мазкур муросавий қоидаларга риоя этиб тотув яшайдилар ва жамиятнинг ривожига хизмат қиладилар. Қоидабузарлар эса барча гуруҳлар томонидан қораланади. Олам гулистон!
Аммо бу мақомга етишиш йўлида ётган тўсиқлар бор, булар – онгимизга ўрнашиб қолган нарсалар (стереотиплар) ва асоссиз ҳадиклар (комплекслар).
Стереотиплар ва комплекслар
Бу иккиси ҳам онгсизликнинг “болалари”дир. Зеро иккови ҳам онгсиз равишда орттириб олинган, тагида асоси йўқ нарсалардир. Масалан:
Кишининг ташқи кўриниши, кийиниши, мадомики у жамиятнинг маънавий мезонларига дахл қилмаса – ҳар кимнинг ўз ихтиёрида бўлган нарса. Бу – оддий мантиқ тақозо қиладиган ҳақиқат. Шундай эмасми? “Сен ундоқ кийинишинг керак, бундоқ кўринишда бўлишинг керак!” – деб, ахлоқ нормаларига зид бўлмаган нарсаларни жамиятнинг бир қисмидан талаб қилиш – ҳеч бир мантиқий асосга эга эмас ишдир.
Хўш, нега унда баъзи, ҳеч кимнинг маънавиятига таъсир этмайдиган, ташқи кўриниш элементлари бунча – колоссал шовқинга сабаб бўлаяпти? Жавоб битта – стереотиплар ва комплекслар.
Кимдир онгига ўрнашиб қолган, кўзи ўрганиб қолган шаклларни ҳимоя қиляпти, бошқа бир тоифанинг саросимасига эса ички онгсиз ҳадиклари сабаб бўлаяпти. Қарши тараф эса “бу бизнинг оддий ҳуқуқимиз-ку” дея эътироз билдиряптилар. Жанжал!
Тутқунлик
Ишларнинг онгсиз равишда содир этилиши – тутқунлик. Зеро бунда киши фойда-зарарни англамасдан ҳаракат қилади ва ўша – онгсиз ҳаракатининг қурбони бўлади. Тутқунлик бўлмай, нима бу? Масалан, жамиятнинг катта бир бўлагини бирламчи эътиқодий эҳтиёжларидан мосуво қилиш, бунинг оқибатида жамиятни бўлакларга бўлиб қўйиш – бундан ҳам катта йўқотиш борми? Бирлашган жамият қаёқда-ю, бўлакларга бўлинган, беҳуда тортишувдан боши чиқмайдиган, пароканда “жамият” қаёқда?!
Тутқунликдан қутулиш
Тутқунликдан қутулиш учун уялишни бошлашимиз керак. Стереотиплар ва комплексларга асир бўлиб турганимиздан уяла бошлашимиз керак. Онгимиз торлигидан, ўзгача шаклларни унга сиғдиролмай, оддий мантиқ билан келишолмай турганимиздан, онгсиз ҳадикларимизни енголмай беозор нарсаларга қарши отланаётганимиздан уяла бошлашимиз керак. Зудлик билан уялишни бошламасак, кўзимизни очмасак, жамият ичидаги гуруҳларнинг бирлашувига хизмат қилмасак саноқли кунларда тутқунликка юз тутишимиз мумкин.
Доира шаклидаги стол
Демократик тамойиллар ҳақида гап кетганда доира шаклидаги стол нафақат рамз, балки амалий анжом сифатида қўлланади. Бундай стол атрофида йиғилиб жамиятни кўпчилик бўлиб, баҳамжиҳат, музокара ила идора этиш адолат, ривож, мантиқни қарор топтиришга хизмат қилиши ўз исботини топган. Биздан ҳозир шу нарса талаб этилади. Бир стол атрофида диндор, динсиз, либерал ва консерватор ўтириб шу – умумий уйда бир-бирни хафа қилмасдан яшаш қоидаларини ишлаб чиқмоқ, стереотиплар ва комплекслардан устун келмоқ, бир-бирига ола қарашни бас қилмоқ керак. Ёки жамиятга айланиб ўзимизни-ўзимиз идора қиламиз, ёки бизни кимдир тутқун қилиб ўз хоҳишича идора эта бошлайди. Ёки якдил бўлиб масъулиятни ўз қўлимизга оламиз, ёки тутқунликнинг бирон-бир турига учраймиз.
Муҳаммад Шакур,