Расмий маълумотларга кўра, жаҳон бозорида кунгабоқар ёғига нисбатан таклифлар кескин камайгани фонида тасқислик юзага келмоқда.
Бунга Украина ва Россиядан экспорт ҳажмининг камайиши асосий сабаб бўлган.
Аргентинадан етказиб бериш ҳажми ошаётган бўлсада, бу умумий танқисликни тўлиқ қоплай олмаяпти. Германиянинг Oil World таҳлилчиларига кўра, шу йил якунига қадар жаҳон бозорида кунгабоқар ёғи таклифи ўтган йилга нисбатан 2,4 миллион тоннага камайиши мумкин.
Умумий таъминот эса 25,1 миллион тонна атрофида бўлиши кутилмоқда. Таҳлилчиларнинг айтишича, жаҳон экспорти 2,7 миллион тоннага қисқаради. Энг катта пасайиш Украина ва Россия ҳиссасига тўғри келади, дейилади хабар матнида.
Бундан ташқари, кунгабоқар ёғи истеъмоли ҳам камаймоқда. Европа Иттифоқида қарийб 1 миллион тоннага, Хитой ва Ҳиндистонда эса тахминан 0,5 миллион тоннага қисқариш кутилмоқда.
Мутахассислар сўнгги ҳафталарда нархлар юқори даражада сақланиб қолаётганини таъкидлаб, бу ҳолат бозорда танқислик ҳануз давом этаётганидан далолат беришини қайд этмоқда.