Исроил Мудофаа Кучлари Ливан жанубида шиа ташкилоти "Ҳизбуллоҳ"га тегишли бир нечта ер ости туннелларини портлатиб юборди, уларда тахминан 700 тонна портловчи моддалар ишлатилган.
Бу ҳақда Исроил Бош вазири Беньямин Нетаньяху ва Мудофаа вазири Исраэль Кацнинг қўшма баёнотида маълум қилинди.
Исроил томонининг маълумотларига кўра, туннеллар Бофорт тизмасида жойлашган бўлиб, қўмондонлик пункти сифатида, шунингдек, Исроилга дронлар ва ракеталарни учириш учун ишлатилган.
Баёнотда операция "Ҳизбуллоҳ"нинг сулҳни бузганидан кейин амалга оширилгани таъкидланган. Исроил расмийлари шунингдек, армия Ливан жанубидаги гуруҳ инфратузилмасини йўқ қилишда давом этишини ва ҳар қандай таҳдидларга қаттиқ жавоб беришини таъкидладилар.