Тегишли қарорни Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар эълон қилди.
Унинг сўзларига кўра, «Ирландиянинг антисемитистик ҳаракатлари ва риторикаси яҳудий давлатини делегитизация ва демонизация қилиш, шунингдек, икки томонлама стандартларга асосланган». Саар, «Ирландия Исроил билан муносабатларида барча қизил чизиқларни кесиб ўтди», деб қўшимча қилди.
Май ойида Ирландия Испания ва Норвегия билан биргаликда мустақил Фаластин давлатини расман тан олди ва бу Исроил раҳбариятининг норозилигига сабаб бўлди.
Ўтган ҳафта Ирландия ҳукумати Исроилга қарши Ғазо секторида фаластинликларга қарши геноцид даъвосига қўшилди, Жанубий Африка эса Халқаро судга мурожаат қилди. Даъво аризасида мамлакат расмийлари давлат томонидан содир этилган геноцид тушунчаси талқинини кенгайтиришни ҳам таклиф қилмоқда. Исроил бу айбловларни қатъиян рад этади. Халқаро суд камида бир неча йил давом этадиган даъвони кўриб чиқиш учун қабул қилди.