Бугун 7 октябрь, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Исроил ички бўлиниш ва давлат парчаланиши хавфидан огоҳлантирилди

Исроил ички бўлиниш ва давлат парчаланиши хавфидан огоҳлантирилди

АҚШ Марказий разведка бошқармаси Исроилда ички бўлиниш ва давлат парчаланиши хавфидан огоҳлантиргани айтилмоқда.

АҚШ Марказий разведка бошқармасининг махфий таҳлилида Исроилдаги чуқур сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий зиддиятлар ички беқарорлик, фуқаролик можароси ва ҳатто давлат парчаланиши хавфини кучайтириши мумкинлиги қайд этилган. Бу ҳақда Drop Site News нашри ҳужжат мазмунидан хабардор бўлган икки америкалик манбага таяниб хабар берди.

«Ичкаридан бўлиниш» деб номланган таҳлил август ойида АҚШ Марказий разведка бошқармасининг Red Cell бўлинмаси томонидан тайёрлангани айтилмоқда. Ушбу бўлинма разведканинг мавжуд қарашлари ва эҳтимолий сценарийларини танқидий нуқтаи назардан қайта кўриб чиқиш билан шуғулланади.

Ҳужжатда асосий хавф омиллари сифатида иқтисодий босим, ҳарбий харажатларнинг ортиши, мажбурий ҳарбий хизмат атрофидаги зиддиятлар ҳамда босиб олинган Ғарбий соҳилдаги израиллик кўчманчилар зўравонлиги тилга олинган.

Шунингдек, Биньямин Нетаньяҳунинг ҳокимиятда қолишга интилиши сиёсий ва конституциявий кескинликнинг манбаларидан бири сифатида кўрсатилган.

Нашр маълумотларига кўра, Ғазо, Ливан ва Эрондаги узоқ давом этган ҳарбий ҳаракатлар ҳам Исроил жамиятидаги мавжуд қарама-қаршиликларни чуқурлаштирган. Хусусан, узоқ муддат жанговар ҳаракатларда қатнашган ҳарбий хизматчиларнинг, жумладан оғир психологик жароҳатлар билан қайтиши ҳам ички муаммолардан бири сифатида қайд этилган.

Энг кескин масалалардан яна бири — ультраортодоксал яҳудий эркакларни мажбурий ҳарбий хизматдан озод қилиш масаласи. Резервчиларнинг бир неча бор сафарбар этилиши фонида ушбу амалиётга нисбатан норозилик кучайган.

Таҳлилда, шунингдек, Исроилнинг халқаро майдонда тобора яккаланиб бораётгани ва АҚШда мамлакатни қўллаб-қувватлаш даражаси пасайиши ҳам хавф омиллари қаторида келтирилган.

Бироқ мазкур маълумотлар фақат Drop Site News нашрининг махфий ҳужжат ҳақидаги хабарларига асосланган. АҚШ Марказий разведка бошқармаси ҳозирча ушбу таҳлилнинг мавжудлиги ёки нашрда келтирилган маълумотларни расман тасдиқламаган.

Киритилди: 20:35 06.10.2026. Ўқилди: 696 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!