Исроил ҳукумати Сурияга тегишли бўлган Голан тепалигининг ўзи томонидан босиб олинган қисмида исроиллик аҳоли сонини икки баробарга кўпайтириш режасини маъқуллади. Бу ҳудуд 1967 йилдан буён Исроил Мудофаа кучлари назорати остида турибди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Исроил ҳукумати бу қарор “уруш ва Сурияни ифодаловчи янги фронт нуқтаи назаридан” қабул қилинганини маълум қилди. Башар Асад бошқаруви қулаши ортидан Исроил армияси Голан тепаликларида ташкил этилган қуролсизлантирилган буфер зона ичкарисига ўз қўшинларини киритди.
Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху 1974 йилда Исроил ва Сурия ўртасида имзоланган бўлиниш тўғрисидаги келишув Суриядаги ҳокимият ўзгариши туфайли энди кучга эга эмаслигини айтди.
“Голан тепаликларини мустаҳкамлаш Исроил давлатини мустаҳкамлаш демакдир ва бу ҳозирги пайтда айниқса муҳим аҳамиятга эга. Биз уларни назорат қилишни, ривожлантиришни ва аҳоли билан тўлдиришни давом эттирамиз”, дейилади Нетаньяху баёнотида.
Шунингдек, у Исроил “Сурия билан можародан манфаатдор эмаслигини” айтганди.
“Биз Исроилнинг Сурияга нисбатан сиёсатини ердаги мавжуд вазиятга мувофиқ равишда белгилашни мақсад қилганмиз”, деган у.
Голан тепаликларида 20 мингга яқин аҳоли яшайдиган 30 дан ортиқ Исроил аҳоли пунктлари жойлашган. Халқаро ҳуқуққа кўра, бу аҳоли пунктлари ноқонуний ҳисобланади, бироқ Исроил бундай баҳолашга қўшилмайди.
Исроиллик аҳоли пунктлари аҳолисидан ташқари, бу ҳудудда 20 мингга яқин суриялик ҳам яшайди. Уларнинг аксарияти Голан Исроил назоратига ўтгандан сўнг ўз уйларида қолишга қарор қилган.