Испания ҳукумати Рота ва Морон авиабазаларини АҚШнинг Эронга қарши ҳарбий операцияларида ишлатишдан воз кечди. Бу ҳақда Хосе Мануэл Албарес ва Мария Хесус Монтэро 2 март куни El Periodico нашрига маълум қилган.
Албарес таъкидлаганидек, базалар келишувда кўзда тутилмаган ва БМТ Низомига зид бўладиган ҳар қандай ҳаракат учун фойдаланилмайди. Икки вазир ҳам Андалусиядаги базалар ҳозирча фаоллаштирилмаганини ва ҳукумат вазиятни дақиқа-дақиқа кузатаётганини қайд этди. Бу эса Педро Санчес бошчилигидаги ижро ҳокимияти учун “катта ташвиш” туғдирмоқда.
Маълумотларга кўра, Рота ва Морон авиабазаларидан 15 дан ортиқ АҚШ самолётлари, асосан танкерлар, Германиядаги Ramstein Air Baseга йўналган. Испания ҳукумати ушбу иншоотларнинг ўз суверенитети остида эканлигини ва икки томонлама келишувлар ҳамда БМТ Низомига зид бўлган ҳаракатлар учун ишлатилмаслигини таъкидлади.
28 февраль куни АҚШ ва Исроил Эронга қарши кенг кўламли операцияни бошлаган, унинг натижасида Эрон Олий раҳбари Али Хоманий ва Ислам инқилоби қўриқчилари корпусининг юқори мартабали қўмондонлари ҳалок бўлган. Эрон эса Исроил ва Яқин Шарқдаги АҚШ базаларига ракета зарбалари билан жавоб берган ва 40 кунлик мотам эълон қилган.