Бугун 17 июнь, 2024 йил, душанба

O'ZB

«Ислом молияси тўғрисидаги қонун лойиҳаси тайёр» — МБ раиси ўринбосари

«Ислом молияси тўғрисидаги қонун лойиҳаси тайёр» — МБ раиси ўринбосари

«Ўзбекистон — 2030» стратегиясида камида учта тижорат банкида исломий молиялаштириш мезонлари ва тартибларини жорий этиш ҳамда исломий молиялаштиришнинг қонунчилик базасини шакллантириш вазифаси белгиланган.

«Президентнинг 2022 йил августи ва ўтган йили бўлиб ўтган тадбиркорлар билан учрашувларида шу масала кўтарилган эди. Ўшандан бери бу борада турли вазирликлардан иборат ишчи гуруҳ иш олиб бормоқда. Бир нарсани тушуниш керак: бу жуда янги ва мураккаб соҳа бўлиб, у кўплаб қонун ҳужжатларига, жумладан, гаров тўғрисидаги, судлар тўғрисидаги, банклар тўғрисидаги ва Марказий банк тўғрисидаги қонунларга ўзгартиришлар киритишни талаб қилади. Ҳозир қонун лойиҳаси тайёр, мен аввалроқ айтганман, бизнинг вазифамиз ҳужжатни 2024 йилда парламентга киритиш», — деди МБ раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроев.

Унга кўра, «Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида»ги қонунга исломий молия хизматларини кўрсатишга рухсат берувчи ўзгартиришлар киритилган.

«У ерда тартиб бор, фақат исломий молиявий хизматлар тўғрисидаги низомнинг қабул қилиниши кутилган эди. Ушбу қоида Марказий банк томонидан ишлаб чиқилган, энди у давлат рўйхатидан ўтиши керак. Қабул қилинганидан кейин бу борадаги ишлар бошланади», — деди у.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг 12 та банки, жумладан, «Агробанк», «Ўзсаноатқурилишбанк», «Микрокредитбанк», «Ипак йўли» банки ва бошқалар Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси кредит линиялари орқали муробаҳа хизматларини кўрсатмоқда. «Трастбанк»нинг Trast Muamalat шуъба корхонаси исломий лизинг хизматларини тақдим этмоқда.

Муробаҳа — харид нархи ва устама миқдорини маълум қилган ҳолда, товарни унинг ҳаққини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан насияга сотиш орқали мижозни молиялаштириш хизмати.

«Агар 2024 йилда асосий қонунларни [ўзгартиришлар киритишни] якунласак, талаб ва шарт-шароитларни ҳисобга олган ҳолда, бу хизмат бошқа банкларда ҳам кенг тарқалади, деб ўйлайман», — МБ раиси ўринбосари.

2018 йил май ойида муҳокамага қўйилган президент қарори лойиҳасида Ўзбекистонда исломий банк иши ва молиялаштириш инфратузилмасини яратиш режалаштирилган эди. Ҳужжатда фоизлар (рибо) кўринишидаги ҳақ тўлашни тақиқлаш, фойда ва зарарни тадбиркор билан лойиҳадаги иштирок улушларига мутаносиб равишда тақсимлаш, суғурта фаолиятини амалга ошириш (такафул), лизинг фаолияти (ижара), қимматли қоғозлар билан операциялар (сукук) ва исломий молия тамойилларига асосланган бошқа операциялар бўйича меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш кўзда тутилган эди.

Киритилди: 09:20 22.05.2024. Ўқилди: 923 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!