Россия президенти Владимир Путиннинг Пхеньянга ташрифи чоғида ҳамроҳлик қилган делегация аъзолари музокаралар хонасидан чиқариб юборилди. Путиннинг мулозимлари залга Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Индан олдин кириб, музокаралар столи атрофини эгаллаб олгани КХДР протокол хизматини ғазаблантирган. Кутилмаган ҳолат Шимолий Корея давлат матбуоти ва Россия каналлари орқали жонли эфирда намойиш этилган.
Видеотасвирларда биринчи бўлиб Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров музокаралар столига ўтиргани ҳамда ниманингдир ифлосланганидан шикоят қилгани акс этган. Кейин унинг ёнига бош вазир ўринбосарлари – Денис Мантуров ва Виталий Савельев келиб ўтирган.
Шундан сўнг хонага Бош вазир ўринбосари Александр Новак, Мудофаа вазири Андрей Белоусов, Соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко ва Роскосмос раҳбари Юрий Борисов қадам ранжида қилган.
Шу лаҳзада Шимолий Корея расмийсининг "Тўхтанг", деган овози янграган ва у вазирлардан дарров йиғилиш хонасини тарк этишни талаб қилган. "Бу ерга бизнинг раҳбаримиз Ким жаноблари биринчи бўлиб ташриф буюриши керак", – деган у.
Путиннинг вазирлари эса жонли эфирда содир бўлган воқеадан асабийлашган. Улар "бу ҳақда эртароқ огоҳлантирилмаганидан" норози бўлган.
"Аввал бизга шошилишимизни айтасиз, кейин эса...", – дея вазирлар ўз эътирозларини билдирган.
Трансляция тўсатдан бўшаб қолган конференция залининг тасвирлари билан давом этган. Эътиборлиси, ўзаро тушунмовчиликдан сўнг бошланган Ким ва Путиннинг музокаралари натижасида икки давлатнинг ўзаро мудофаа бандини ўз ичига олган стратегик шартнома имзоланган ва Путин буни "катта ютуқ" деб атаган.