Бугун 30 апрель, 2024 йил, сешанба

O'ZB

“Ислом давлати”га алоқаси бўлган 30 нафар маҳбус қочиб кетишга уринди

“Ислом давлати”га алоқаси бўлган 30 нафар маҳбус қочиб кетишга уринди

Аввал хабар берилганидек, Тожикистон ғарбидаги Ваҳдат шаҳрида жойлашган қаттиқ режимли колонияда 19 май куни кечқурун юз берган исён оқибатида уч нафар қўриқчи ва 29 нафар маҳбус ўлдирилди. Бу ҳақда мамлакат Адлия вазирлигига таянган ҳолда ҳукуматга тегишли “Ховар“ агентлиги маълум қилди.

Тожикистон Адлия вазирлигининг маълумотига кўра, 19 май куни кечқурун колониядаги “Ислом давлати”га алоқаси бўлган 30 нафар маҳбус қочиб кетишга уринган. Пичоқ ва ўткир буюмлар билан қуролланган исёнкорлар колониянинг уч нафар қўриқчисини аввалига гаровга олди ва кейинчалик ўлдирди. Шундан сўнг, жарима изоляторидан Ислом давлатига мансубликда айбдор деб топилган 8 нафар ўта хавфли жиноятчини озод қилди, сўнг бошқа маҳкумларни қўрқитиш мақсадида уларнинг кўз ўнгида беш нафар маҳбусни ўлдирди ва ўнлаб бошқа маҳбусларни ярадор қилди, дейилади Республика Жазони ижро этиш Бош бошқармаси хабарида.

Шундан кейин исёнкорлар колониядаги тиббиёт қисмини ёқиб юборди, бир нечта маҳбусни гаровга олди ва ўзларининг озод этилишини талаб қилди. Исённи бостириш операцияси мобайнида 24 нафар маҳбус ўлдирилди, 35 киши ушланди, дейилади расмий хабарда. Мамлакат Бош прокуратураси томонидан жиноий иш қўзғатилди.

Муассасанинг маълум қилишича, исён ташкилотчилари сифатида фаолияти тақиқланган экстремистик гуруҳ, жумладан ИД аъзолари кўрилмоқда. Улардан бири ОМОНнинг собиқ қўмондони, Сурияга қочиб ўтиб, жиҳодчилар сафига қўшилган Гулмурод Ҳалимовнинг ўғлидир.

Ўтган тунда Ваҳдатдаги колониянинг махсус блокида ўз эрлари билан узоқ муддатли учрашувга келган айрим маҳбусларнинг рафиқалари отишма тахминан 21:00да бошланганини ва ярим соат давом этганини айтишди.

“Мен эрим билан учрашувга келган эдим ва бу ерда яна бир кун бўлишим керак эди. Кутилмаганда тартибсизликлар бошланди ва мендан муассасани тарк этиб уйга қайтишимни сўрашди. Аввалига биз бинони тарк этмаслигимизни сўрашди, кейинроқ эса хавфсизлик нуқтаи назаридан кетишимизни илтимос қилишди. Отишма вақтида эрим ёнимда эди, ҳозир у ҳамма қаторида ва мен унинг учун қайғураяпман”, - дейди ўз исмни ошкор қилишни истамаган аёл.

Ваҳдатга элтувчи йўл қуролли кучлар томонидан кучайтирилган тартибда қўриқланмоқда, қўшимча блок-постлар қўйилди.

Ўтган йилнинг ноябрида Тожикистон шимолидаги Хўжанд шаҳридаги қаттиқ режимли колонияда юз берган исён оқибатида 23 киши, жумладан икки нафар қўриқчи ҳалок бўлган эди.

Manba: uza.uz

 

Киритилди: 21:15 20.05.2019. Ўқилди: 1524 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!