Бугун 5 май, 2024 йил, якшанба

O'ZB

Иситиш мавсумида компенсациялар берилувчи эҳтиёжманд оилаларга кимлар киради?

Иситиш мавсумида компенсациялар берилувчи эҳтиёжманд оилаларга кимлар киради?

Истеъмолчиларни ёқилғи-энергетика ресурслари билан ишончли тарзда таъминлаш, аҳоли хонадонларида қайта тикланувчи энергия манбалари ўрнатилишини ва энергия тежовчи технологиялар кенг жорий этилишини рағбатлантириш, ёқилғи-энергетика ресурслари нархларининг шаклланишини босқичма-босқич бозор тамойилларига ўтказишни давом эттириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
2024-2025 йилларда ёқилғи-энергетика ресурслари нархларининг босқичма-босқич ўзгариш графиги 1-иловага мувофиқ;
2024 йил 1 майдан аҳоли учун электр энергияси ва табиий газ бир ойлик истеъмолининг «базавий меъёрлари» 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссияси 2024 йил 1 майга қадар:
табиий газ ва электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш, сотиш ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш тарифларини;
электр ва иссиқлик энергияси, шунингдек, табиий газ истеъмолчилари ва улгуржи қайта сотувчилардан тушадиган маблағларни тақсимлаш тартибини қайта кўриб чиқсин ва тасдиқласин.
3. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Статистика агентлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ёқилғи-энергетика ресурслари нархлари ўзгариши муносабати билан айрим тоифадаги истеъмолчиларга таъсирни юмшатишга қаратилган қуйидаги таклифларига розилик берилсин:
а) Статистика агентлиги томонидан 2024 йил 1 майга қадар ёқилғи-энергетика ресурслари нархлари ошишини ҳисобга олган ҳолда минимал истеъмол харажатлари қийматини қайта кўриб чиқиш ва эълон қилиш;
б) қуйидаги тоифадаги истеъмолчилар (кейинги ўринларда — эҳтиёжманд оилалар) учун юзага келиши мумкин бўлган қўшимча харажатларни қоплаш бўйича вақтинча компенсация (кейинги ўринларда — компенсация) жорий этиш:
«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали кам таъминланган оилалар, болалар нафақаси ва моддий ёрдам олувчи оилалар (кейинги ўринларда — Ягона реестрга киритилган оилалар);
Ягона реестрга киритилмаган, «маҳалла еттилиги» хулосаси асосида аниқланадиган қўшимча эҳтиёжманд оилалар. Бунда:
«маҳалла еттилиги» томонидан шакллантирилган қўшимча рўйхатдаги эҳтиёжманд оилалар сони тегишли маҳалладаги Ягона реестрга киритилган оилалар сонининг 15 фоизидан ошмаслиги керак;
туман (шаҳар) ҳокимликлари тегишли туман (шаҳар) бўйича Ягона реестрга киритилган оилалар сонининг 15 фоизидан ошмаган ҳолда, маҳаллалар кесимидаги эҳтиёжманд оилаларнинг қўшимча рўйхатига ўзгартириш киритиши мумкин.
4. Белгилансинки, иситиш мавсумида (ноябрь — февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга қуйидаги компенсация турлари тақдим этилади:
а) Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги АТ «Халқ банки» билан биргаликда ноябрь ойида 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб беради;
б) электр энергияси ва табиий газ бўйича қуйидаги миқдорлардаги истеъмол учун базавий меъёр доирасидаги ҳамда базавий меъёрдан ошган нархлар ўртасидаги фарқ компенсация қилиб берилади:
табиий газ учун — ойига базавий меъёрдан ортиқ фойдаланилган 250 куб метргача;
электр энергияси учун — ойига базавий меъёрдан ортиқ фойдаланилган 150 кВт соатгача.
Бунда:
ушбу бандда назарда тутилган компенсация тўловлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги орқали тўлаб берилади;
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятларидаги эҳтиёжманд оилалар учун тўловлар октябрь ойидан бошлаб амалга оширилади.
5. Эҳтиёжманд оилалар рўйхатини шакллантириш ва уларга табиий газ ҳамда электр энергияси харажатларининг базавий меъёрдан ортиқ истеъмол қилган қисмига компенсация 3-иловадаги схемага мувофиқ тўлаб берилади.
6. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси туман (шаҳар) ҳокимликлари билан биргаликда «маҳалла еттилиги» томонидан эҳтиёжманд оилалар рўйхати тўғри шакллантирилиши ва ўз вақтида «Инсон» ижтимоий хизмат марказларига тақдим этилишини таъминласин.
7. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:
2024 йил 1 октябрга қадар компенсация тўловлари учун зарур бўлган маблағларни Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига ажратиш чораларини кўрсин;

минимал истеъмол харажатлари миқдори ўзгариши муносабати билан 2024 йил 1 майга қадар энг кам пенсия ва нафақа миқдорларини қайта кўриб чиқиш бўйича таклиф киритсин.
8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари АТ «Халқ банки» билан биргаликда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан тақдим этилган рўйхатга мувофиқ 2024 йил 1 ноябрга қадар банк пластик картаси мавжуд бўлмаган эҳтиёжманд оилалар вакилига бепул асосда пластик карталар очиб берилишини таъминласин.
9. Энергетика вазирлиги, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ҳамда «Ҳудудгазтаъминот» АЖ:
2024 йил 1 июндан бошлаб фойдаланилган электр энергияси ва табиий газ бўйича ойлик маълумот «базавий меъёр» ва ундан ортиқ ҳажмлар кесимида истеъмолчиларга юборилишини таъминласин;
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан биргаликда 2024 йил 1 июлга қадар истеъмолчилар томонидан фойдаланилган электр энергияси ва табиий газ бўйича маълумотларни Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ахборот тизимига узатилишини йўлга қўйиш чораларини кўрсин.
10. Белгилансинки, 2024 йил 1 июлдан бошлаб юридик шахсларга етказиб бериладиган электр энергияси ва табиий газ учун тўловлар 100 фоиз олдиндан амалга оширилади.
11. Ўзэнергоинспекция «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ҳамда «Ҳудудгазтаъминот» АЖ билан биргаликда табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларни аниқлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар кучайтирилишини таъминласин.
12. Энергетика вазирлиги:
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда кўмирнинг улгуржи ва чакана нархларини бозор тамойили асосида шакллантириш бўйича таклифларни;
Бош прокуратура ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда ёқилғи-энергия ресурсларидан нооқилона (ноқонуний) фойдаланганлик учун юридик шахсларга нисбатан молиявий санкцияларни жорий этиш ҳамда электр энергияси ва табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ва талон-торож қилиш учун белгиланган тарифларга нисбатан оширувчи коэффициентни қўллаш тўғрисидаги таклифларни;
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан биргаликда икки ой муддатда аҳоли томонидан энергия тежамкорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурни ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
13. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Миллий телерадиокомпания бир ҳафта муддатда табиий газ ва электр энергияси нархларини ошириш, эҳтиёжманд оилаларга тўланадиган компенсация юзасидан оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг қамровли тарғибот-тушунтириш ишларини ташкил этсин.
14. Энергетика вазирлиги ушбу қарорга мувофиқ электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газнинг янги нархлари барча манфаатдор вазирликлар, идоралар ва ташкилотларга етказилишини таъминласин.
15. Вазирлар Маҳкамасининг «Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 15 сентябрдаги 475-сон қарорининг 1-банди биринчи хатбошиси ва 1-илова 2024 йил 1 майдан эътиборан ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
16. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда энергетика вазири Ж.Т. Мирзамаҳмудов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Киритилди: 12:18 25.04.2024. Ўқилди: 537 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!