Бугун 28 декабрь, 2025 йил, якшанба

O'ZB

Ишчи табақа Трампдан юз ўгиряптими?

Ишчи табақа Трампдан юз ўгиряптими?

АҚШ президенти Дональд Трампни қўллаб-қувватлаш рейтинги америкалик ишчи табақа орасида рекорд даражада пасайди. Бу ҳақда Newsweek журнали YouGov социологик институти ўтказган сўровнома натижаларига таяниб хабар қилди.

Тадқиқот маълумотларига кўра, йиллик даромади 50 минг долларгача бўлган респондентларнинг атиги 31 фоизи Трампнинг президент сифатидаги фаолиятини маъқуллаган. Шу билан бирга, сўровда қатнашганларнинг 65 фоизи унинг ишидан норози эканини билдирган, яна 4 фоизи жавоб беришга қийналган.

Даромади юқорироқ бўлган америкаликлар орасида президентни қўллаб-қувватлаш даражаси баландроқ. Хусусан, йиллик даромади 100 минг доллардан ортиқ бўлган фуқаролар гуруҳида 40 фоиз Трамп фаолиятини ижобий баҳолаган, 51 фоиз эса қарши фикр билдирган.

Newsweek таъкидлашича, ишчи табақа орасида рейтингнинг пасайишига асосий сабаблардан бири АҚШда уй-жой масаласининг кескинлашиб бораётганидир. Нашр ижара ҳақи ва кўчмас мулк нархларининг ошиши ижтимоий норозиликни кучайтириб, 2026 йилда Конгресс сайловларида Республикачи партия позицияларига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини қайд этган.

YouGov сўровномаси 20–22 декабрь кунлари тахминан 1600 нафар америкалик солиқ тўловчилар орасида ўтказилган. 2025 йил ноябрь ойидаги маълумотлар билан таққослаганда, ишчи табақа вакиллари орасида Трампни қўллаб-қувватлаш сезиларли даражада камайган. Айни шу гуруҳ, экзит-поллар маълумотларига кўра, 2024 йилги президентлик сайловларида уни озчилик устунлик билан қўллаб-қувватлаган эди.

Бундан олдин ҳам янги президентлик муддатининг илк 100 куни якунларига кўра, Трампнинг маъқуллаш рейтинги сўнгги 80 йил ичидаги энг паст кўрсаткичга тушгани хабар қилинган эди. Ўшанда америкаликларнинг 55 фоизи унинг фаолиятини салбий баҳолаган, 39 фоизи эса қўллаб-қувватлаган.

Респондентларнинг кўпчилиги иқтисодий сиёсат, савдо божлари ва АҚШ ташқи сиёсий йўналишидан норози эканини билдирган.

Киритилди: Бугун 18:39. Ўқилди: 374 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!