Ироқ бош вазири Али аз-Зейдий 1 октябрь мамлакатнинг тўлиқ суверенитетини таъминлаш ва давлат назоратидан ташқаридаги қуролларни давлат ихтиёрига ўтказиш жараёни бошланиши бўлишини билдирди.
У бу ҳақда АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция кучларининг Ироқдан тўлиқ чиқиб кетиши муносабати билан баёнот берди.
Аз-Зейдий халқаро коалиция миссиясининг якунланиши ва унинг кучлари Ироқ ҳудудини қуруқлик, ҳаво ва денгиз орқали тўлиқ тарк этганини «катта миллий муваффақият» деб атади.
Бош вазирнинг таъкидлашича, мамлакат суверенитети таъминланганидан кейинги асосий вазифалардан бири давлат назоратидан ташқарида бўлган қуролли гуруҳларни қуролсизлантиришдир.
Ҳукумат бу жараён учун аниқ йўл харитаси ва муддат белгилайди. Унга кўра, жараён 2027 йил 30 июндан кечиктирмай амалга оширилиши керак.
Аз-Зейдий уруш ва тинчлик ҳақида қарор қабул қилиш ваколати фақат конституциявий институтларга тегишли эканини таъкидлади. Шунингдек, ҳукумат Ироқдаги хорижий қуролли гуруҳларни тўлиқ қуролсизлантириш ва мамлакат ҳудуди ҳамда ҳаво маконидан қўшни давлатларга таҳдид солувчи ҳаракатлар учун фойдаланилишига йўл қўймаслигини билдирди.
Ироқ ҳукумати хавфсизлик кучларининг салоҳиятини ошириш мақсадида замонавий ҳаво мудофааси тизимини харид қилишни ҳам режалаштирмоқда.
Бундан ташқари, ҳукумат «Ҳашди Шаъбий» тузилмасининг ҳуқуқий мақомини белгилайдиган қонун қабул қилишни режалаштирган. Ушбу тузилма қуролли кучлар қўмондонлиги остида давлат хавфсизлик тизимининг таркибий қисми сифатида ташкил этилиши кутилмоқда.
Ироқ ҳукумати аввалроқ 1 октябрь санасини «Ироқ суверенитети куни» сифатида нишонлашга тайёргарлик бошлаган эди.