15 март куни Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов республика олий таълим муассасалари талабалари билан онлайн мулоқот ўтказди. Бу ҳақда вазирликнинг Телеграмм ижтимоий тармоғидаги расмий каналида хабар берилди.
Мулоқотда жойлардаги студиялардан туриб барча олий таълим муассасасида таҳсил олаётган ногиронлиги бўлган, етимлик ҳамда чин етимликда ўсган, ижтимоий муҳофазага муҳтож, иқтидорли ва ташаббускор талабалар қатнашди.
Учрашувда ёшлар учун яратилаётган имкониятлар, уларни илм-фанга жалб этиш, интеллектуал салоҳиятини намоён қилишлари учун шароитларни кенгайтириш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари ҳақида суҳбатлашилди.
Икки соатдан кўпроқ вақт давом этган мулоқотда вазир талабаларни қизиқтирган саволларга жавоб берди. Хусусан, ўқув жараёнини самарали ташкил этиш, тўлов-контракт асосида ўқиш шартлари ҳамда стипендия, имконияти чекланган ва ногиронлиги бор талабаларнинг ўқиши, тураржой ва махсус адабиётлар билан таъминланиши, хорижда таълим олиш ҳамда бошқа мавзуларда қизиқарли мулоқот бўлиб ўтди.
Онлайн мулоқотда ёшлар олдидан чиқадиган тўсиқларни айланиб ўтишга эмас, балки уларни енгиб ўтишга одатланишлари кераклиги, ҳозирги пайтда талабалар учун имтиёзлар кўплиги, келгусида уларнинг сони оширилиши, бироқ имтиёзларга таяниб қолиш келажакда меҳнат бозорида ўз ўрнини топишга тўсқинлик қилиши мумкинлиги таъкидланди.
Суҳбат якунида талабалар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар тўлиқ кўриб чиқилиши билдирилди.
Manba: xs. uz