Нью-Йоркда яшовчи Оскар Морел штат Олий суди томонидан умрбод озодликдан маҳрум этилди, унда муддатдан аввал озод этиш борасида мурожаат йўллаш ҳуқуқи ҳам бўлмайди. Бунга унинг имом Мавлон Аконже ва унинг ёрдамчиси Тара Уддинни ўлдиргани сабаб бўлди, деб хабар қилмоқда "Кун" нашри.
Қотиллик Куинс туманида 2016 йилнинг августида юз берган. Морел Ар-Фурқан масжиди ёнида ҳужумни амалга оширган. У ўз қурбонларига ортдан келган ва ўқ узган. 55 ёшли имом воқеа жойида ҳалок бўлган, унинг 64 ёшли ёрдамчиси эса шифохонада ҳаётдан кўз юмди.
Кейинчалик полиция Морелни ҳибсга олди. Унинг уйидан тўппонча ва ўқ узган шахснинг кийимига ўхшаш бўлган либос топилган. Нью-Йоркда яшовчи шахсга биринчи ва иккинчи даражали қотилликлар бўйича айблов қўйилди, шунингдек, у ўқ отар қуролни ноқонуний сақлашда айбланди.
Морел тергов вақтида ҳамкорлик қилишдан бош тортди ҳамда рўй берган ҳодисага алоқадор эканини тан олмади. Суд маслаҳатчилари уни Бангладешдан бўлган икки шахсни қасддан ўлдирганликда айбдор, деб топди.