Молиявий муаммоларга дуч келган ва Суперлигада кетма-кет тўққизта учрашувда мағлуб бўлган “Бунёдкор”ни бош мураббий Илёс Зейтуллаев ҳамда унинг ёрдамчилари тарк этди.
Клуб матбуот хизматининг маълум қилишича, Зейтуллаев ҳамда унинг ёрдамчилари Алессандро Спинолио, Андрес Моауро ҳамда Марко Никодемо ўз хоҳишига кўра ва томонларнинг ўзаро келишуви асосида истеъфога чиқарилган.
“Илёс Бекирович ва унинг ёрдамчиларига қийин дамларда жамоанинг келажаги учун амалга оширган самарали ишлари, меҳнати, фидойилиги учун миннатдорлик билдирган ҳолда мутахассисларнинг мураббийлик фаолиятига омад ва зафарлар тилаб қоламиз!”, дейилади клуб хабарида.
Илёс Зейтуллаев ҳам ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали “Бунёдкор” мухлислари ва футболчилари билан хайрлашди.
Мутахассис 2024 йил апрель ойида “қалдиргўчлар” жамоасида бош мураббий ёрдамчиси сифатида иш бошлаган. Ўша йилнинг кузида эса жамоа бош мураббийи этиб тайинланган.
Зейтуллаев жамоани қабул қилиб олганида “Бунёдкор” Суперлига турнир жадвалининг сўнгги поғонасида бўлгани, 2025 йилги мавсумни эса 5-ўринда якунлаганини эслатиб ўтган.
Бироқ 2026 йилги мавсум олдидан клуб узоқ йиллик ҳомийсидан айрилиб, молиявий қийинчиликларга дуч келди. Сўнгги ойларда жамоанинг молиявий муаммолари янада жиддийлашди.
“Бунёдкор” аввал собиқ футболчиси Ривалдо олдидаги қарздорлиги сабаб FIFA томонидан трансфер тақиқига учради. Кейинчалик сафар ўйинига бориш учун маблағ топа олмагани сабаб жамоага техник мағлубият ёзилди. Шундан сўнг клубга 5 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Аммо орадан кўп ўтмай, клубнинг яна бир собиқ легионери — япониялик Ицуки Урата олдидаги қарздорлик бўйича FIFA қарори ҳам маълум бўлди.
Айни пайтда “Бунёдкор” кетма-кет тўққизта учрашувда мағлубиятга учради. Тошкент клуби 19 очко билан Суперлига турнир жадвалининг 15-ўринида бормоқда.
Манба: daryo.uz