Ҳурмуз бўғози нефть ташиш учун дунёдаги энг хавфли йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда. Хавфсизлик билан боғлиқ таваккалчиликлар ортиши натижасида денгиз ташуви компанияларининг харажатлари кескин кўпайган.
Эрон Ислом Инқилоби Қўриқчилари корпуси томонидан ҳужумга учраш хавфи туфайли кемалар юқори миқдорда суғурта ва маъмурий тўловларни амалга оширмоқда. Шу сабабли компаниялар тобора кўпроқ VLCC — жуда катта нефть ташувчи супертанкерлардан фойдаланмоқда.
Бундай танкерлар Форс кўрфазида нефть юклаб, Ҳурмуз бўғози орқали Араб денгизига чиқади. Кейин нефть кичикроқ танкерларга тақсимланади.
Маълумотларга кўра, битта супертанкернинг Ҳурмуз бўғози орқали бир марта ўтиши 40 миллион долларгача тушиши мумкин. Транспорт харажатлари эса бир баррел нефть учун 15–20 доллар атрофида. Шунга қарамай, компаниялар нефть Форс кўрфазида қолиб кетмаслиги учун бу харажатларга рози бўлмоқда.
Айрим оддий денгизчилар бундай маблағни одатда бир йил давомида ишлаб топади. Экипаж аъзолари уруш ҳудудида ҳатто икки ёки уч баравар юқори ҳақ олаётганини билдирган.
Хавф эса реаллигича қолмоқда. Британиянинг UKMTO маълумотларига кўра, 28 сентябрдан буён еттита кема ҳужумга учраган, икки нафар денгизчи жароҳатланган, яна бир денгизчи ҳалок бўлган.
Хавфни камайтириш мақсадида танкерлар асосан тунги вақтда, чироқлар ўчирилган ҳолда ва алоқа воситаларидан минимал фойдаланган ҳолда ҳаракатланмоқда. GPS тизимларида узилишлар ва халақитлар кузатилгани сабабли капитанлар баъзан радар ва визуал ориентирлар — ороллар ҳамда қирғоқ чизиғи орқали йўналиш олишга мажбур бўлмоқда.
Доимий хавф ва кучли психологик босим экипажларга ҳам таъсир кўрсатмоқда. Маълумотларга кўра, айрим кемаларда ҳатто бир рейсдан сўнг экипажнинг ярми ишдан бўшаган. Юқори миқдордаги бонуслар эса янги ходимларни жалб қилишнинг асосий воситаларидан бирига айланмоқда.