“Миллий банклараро процессинг маркази” АЖнинг 100 фоиз давлат улушини хусусийлаштириш бўйича келишувга эришилди. Таклифларни топшириш босқичида 6 нафар номзод иштирок этишга таклиф қилинган.
Ушбу босқичда номзодларга хусусийлаштириш бўйича маслаҳатчиси – «Deloitte» халқаро компанияси томонидан тайёрланган молиявий, солиқ, ҳуқуқий ва экологик фаолияти бўйича комплекс таҳлилий ҳисоботлар билан танишиш, шунингдек, Жамиятнинг бошқарув органи билан учрашиш имкони берилди.
Белгиланган муддатда Маслаҳатчига Жамиятни сотиб олиш бўйича учта иштирокчидан таклифлар келиб тушди ва 65 миллион АҚШ доллари миқдорида энг юқори харид баҳосини таклиф қилган «Paynet» АЖ ким ошди савдосининг ғолиби, деб топилди.
Харидорнинг таклифи Маслаҳатчи ҳисоблаган индикатив нархлар интервали чегарасида жойлашган ва «KPMG» халқаро мустақил нархловчи томонидан нарх қўйилган баҳодан юқори ҳисобланади.
Маълумот учун: «Paynet» АЖ – Ўзбекистон молиявий технологиялар соҳасида 18 йилдан буён фаолият юритаётган энг йирик тўлов операторларидан биридир. Тизим 1500 тадан ортиқ товар ва хизматлар етказиб берувчилар учун тўлов имкониятини таъминлаб, ундан фойдаланувчиларнинг йиллик сони 20 миллиондан зиёддир.