Ҳодиса сешанба куни халқаро сувларда юз берган. Ҳар икки давлат тўқнашув учун бир-бирини айблаб, 1991 йилда имзоланган келишув талаблари бузилганини билдирди. Мазкур ҳужжат ҳарбий машғулотлар ва манёврлар ҳақида олдиндан хабар беришни талаб қилади.
Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги Покистоннинг Ню-Деҳлидаги Олий комиссияси вақтинча ишлар вакилига норозилик билдирди. Вазирлик Ҳиндистон ҳарбий кемаси билан боғлиқ ҳодисада Покистон томонининг ҳаракатларини "қабул қилиб бўлмайдиган ва профессионалликка зид" деб атади.
Ҳиндистон маълумотига кўра, тўқнашув жиддий зарар келтирмаган. Шу билан бирга, Нью-Деҳли ҳар икки давлат ҳарбий бўлинмалари бундай ҳодисаларнинг олдини олиш учун тегишли келишувларга риоя қилиши зарурлигини таъкидлади.
Покистон ҳам Исломободда Ҳиндистоннинг вақтинча ишлар вакилини чақиртириб, норозилик билдирди. Покистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, мамлакат ҳарбий-денгиз кучлари ўзининг эксклюзив иқтисодий зонасида SEASPARK-26 машғулотларини ўтказаётган вақтда Ҳиндистон кемаси Покистон кемасига хавфли даражада яқинлашиб, агрессив манёврлар амалга оширган.
Исломобод халқаро ҳамжамиятни Ҳиндистонни минтақада беқарорликни кучайтириши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақиришга ундади.
1991 йилда имзоланган келишувга кўра, Покистон ҳамда Ҳиндистон ҳарбий ва сувости кемалари халқаро сувларда кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун бир-биридан камида уч денгиз мили (5,5 километр) масофа сақлаши шарт.