Бугун 20 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

Ҳаётимизни бошқарадиган етти оят

Ҳаётимизни бошқарадиган етти оят

Қуръони карим инсонлар, хусусан иймон келтирганлар ва мутаққийлар учун икки дунё саодати манбаидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий туширилган Қуръони каримда марҳамат қилинганидек: Одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир (Бақара сураси 185-оят). Бу маънодаги огоҳлантиришлар Қуръони каримда кўп учрайди: Бу китобда шак-шубҳа йўқ, у тақводорларга ҳидоятдир (Бақара сураси, 2-оят). Эй одамлар! Сизга ўз Роббингиздан мавъиза, кўксингиздаги нарсага шифо, мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди (Юнус сураси, 57-оят). Шунинг учун ҳам мусулмонлар Қуръони каримни ибодатлар, намоз, рўза ва бошқа фарзларни ўрганиш, бахт-саодатли ҳаёт кечириш ҳамда Аллоҳнинг раҳмати ва мағфиратига муяссар бўлиш учун ўқиши керак.

Оятларида келтирилган ҳақни ботилдан ажрата оладиган (фурқон), Аллоҳдан қўрқадиган (мутаққий)лар йўл кўрсатувчи бўлади ва мусулмоннинг кундалик ҳаётида акс этади. Шунинг учун ҳам мусулмоннинг ҳаётида Қуръони каримнинг аҳамияти муҳим.

Қуйида мўминлар учун икки саодат манбаи бўлган Қуръони каримдаги ҳаётимизни изга соладиган оятлардан еттитасини санаб ўтамиз. Зотан, У зот Ўз бандасига сизларни зулматлардан нурга чиқариш учун равшан оятларни туширадир. Ва, албатта, Аллоҳ сизларга шафқатли ва раҳмлидир (Ҳадид сураси, 9-оят).

1. Ҳар ишда Аллоҳ розилигига эришишни ният қилиш.

Қуръони карим мусулмоннинг ҳаётида ҳамма нарсадан аввал Аллоҳ розилигига эришиш асосий мақсад бўлишини таъкидлайди: Сен: Албатта, менинг намозим, ибодатларим, ҳаёт ва мамотим оламларнинг Робби Аллоҳ учундир (Анъом сураси, 162-оят).

2. Инсонларни мазах қилмаслик ва ёмон гумонлардан чекиниш.

Инсон атроф-жамият билан боғлиқ бўлгани учун ҳар доим бир-бири билан чиройли муомала қилиши керак. Афсуски, бугун ғийбат, ўзгаларни мазах қилиш, лақаб қўйиш, гуноҳларни очиш каби хунук ишлар кўпайганидан жамиятнинг иймон-эътиқоди қай даражада эканини кўриш қийин эмас. Бу борада Аллоҳ азза ва жаала Қуръони каримда бандаларини шундай огоҳлантиради: Эй иймон келтирганлар! Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол улар булардан яхшироқдир. Ва аёллар ҳам бошқа аёлларни (масхара қилмасин), эҳтимол улар булардан яхшироқдир. Ва ўзингизни ўзингиз мазах қилманг, бир-бирингизга лақаб қўйманг. Иймондан кейин фосиқлик исми нақадар ёмон ! Ва ким тавба қилмаса, бас, ана ўшалар ўзлари золимлардир (Ҳужурот сураси, 11-оят).

3. Яхшилик ва тақвода мусобақалашиш.

Жамиятда ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни қарор топтириш учун Қуръонда яхшилик ва тақвода ўзаро мусобақалашиш буюрилади: Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатли зотдир (Моида сураси, 2-оят). Оятнинг сўнгида Аллоҳнинг шиддатли жазосини эслатиш билан, яхшилик ва тақвода мусобақалашиш, ёмонлик ва душманликдан эса тийилиш кераклиги уқтирилади.

4. Қавм-қариндош ва йўқсилларни ҳимоя қилиш.

Аллоҳ розилигига эришишнинг йўлларидан бири, атрофимиздаги йўқсил-муҳтожлар ва қавм-қариндошларнинг ҳол-аҳволидан хабардор бўлиш, Аллоҳ берган ризқ-насибадан уларга ошкора ёки махфий сарфланиши ва ёмонликка яхшилик қилиш билан ўртадан адоват ва кинни ўчириш каби фазилатли муносабатлар билан файзли бўлади. Бас, қариндошга, мискинга ва йўл ўғлига ҳаққини бер. Ана шу Аллоҳнинг юзини ирода қилганлар учун хайрлидир. Ва ана ўшалар нажот топгувчилардир (Рум сураси, 38-оят).

Албатта, садақа қилувчи эркагу аёл ҳамда Аллоҳга қарзи ҳасана берувчиларга (савоб) кўпайтириб берилур. Уларга карамли ажр ҳам бор (Ҳадид 18-сураси).

Улар Роббилари юзини кўзлаб, сабр қиларлар. Намозни тўкис адо этарлар, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсадан махфий ва ошкора инфоқ қиларлар ва ёмонликни яхшилик ила қайтарарлар. Ана ўшаларга оқибат диёри бордир (Раъд сураси 22-оят).

5. Савдода ҳийлакор бўлмаслик

Қуръони каримда ўзаро муносабатларда таъкидланган тамойиллардан бири савдо-сотиқда одамларнинг ҳақига риоя қилиш. Айни пайтда ер юзида коррупция, порахўрлик, инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқи топталаётгани, бузғунчиликлар авж олаётгани, йўқсиллар, қашшоқ-фақирлар кўпаяётгани, бу оятни жиддий мулоҳаза қилишга ундамасмикан? Бугун молиявий инқироз жаҳон миқиёсида кўп беҳаловатликларга сабабчи бўлаётган экан, инсоният бу муаммога қуйидаги оят билан ечим топиши керак:

Ва тўғри тарози ила тортинглар. Одамларнинг нарсаларини камайтириб берманг. Ер юзида турли бузғунчиликлар қилманглар (Шуаро сураси, 182 183-оятлар). Вайл (вой) бўлсин, ўлчовдан уриб қолувчиларга! (Мутаффифин сураси, 1-оят). Бу каби бузғунчилик ва алдов ҳукмрон жамиятда мусулмонларнинг ўзига хос хусусияти эса: Улар омонатларига ва аҳдларига риоя қиладиганлардир (Маъориж сураси, 32-оят) деган эслатмадаги васфларга эга бўлишдир.

6. Адолат

Қуръондаги огоҳлантириш ва эслатмалар баъзан жуда қисқа туюса-да, мулоҳаза қилган сари маъноси кенгайиб бораверади. Худди шундай, баъзан бир жумлада бир-бирига алоқаси бўлмаган ҳолатлар келтирилгандек кўринса, бизга уларнинг ўзаро боғлиқлигини таъкидлайди. Жумладан, оятда адолатли бўлиш, яхшилик қилиш яқинларга ёрдамлашишнинг биргаликда келиши буларнинг ҳаммаси бир-бири билан боғлиқ эканига ишора берса, ҳаёсизлик ва ёмонликдан қайтариш эса адолатсизлик ва ёмонлик қилиш беҳаёлик деган маънони англатади: Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир ва фаҳшу мункар ҳамда зулмкорликдан қайтарадир. У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эсласангиз ( Наҳл сураси, 90-оят).

7. Ҳаётнинг ҳақиқий мазмунини билиш.

Яшашндан мақсад нималигини билиш ва шу ниятда иймоний умрда яшамоқ керак.

Бу дунё ҳаёти фақат ўйин-кулгидан иборатдир. Агар билсалар, охират диёри, ана ўша ҳақиқий ҳаётдир (Анкабут сураси, 64-оят). Ва ҳар қандай ҳолатда ҳам мана бу оятни унутмаслигимиз керак: Ҳар бир жон ўлимни топажакдир. Сўнгра Бизгагина қайтарилурсиз (Анкабут сураси, 57-оят).

Аллоҳ таоло қалбларимизни ҳидоят нури билан мунаввар қилсин, дунё ҳаётида чин бандалик таъмини ҳис эттириб, Ҳузурига ёруғ юз билан чорласин! Умримизни хайрли, амалларимизни мақбул, хотимамизни гўзал қилсин. Омин!

Manba: islom.uz

Киритилди: 11:17 20.03.2019. Ўқилди: 9350 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!