Бугун 7 июнь, 2025 йил, шанба

O'ZB

Ҳаргиз маст қиладиган нарса ичма

A A A
Ҳаргиз маст қиладиган нарса ичма

Хамр (маст қилувчи нарса) ичишда ўнта ёмонлик – иллат бор. Биринчиси: хамр ичувчи мажнун (жинни) ўрнидадир. У ақлсиз болаларга масхара ва ақллилар олдида бадном бўлиб қолади. Ибн абу Дунё айтади: «Бағдод кўчаларидан бирида маст одамни кўрдим. У бавл қилиб, ўз кийимларига суртар ва: “Аллоҳ, мени тавба этувчилардан ва покланувчилардан қилгин”, дерди».

Иккинчиси: хамр ақлни кетказувчи ва молга талафот етказувчидир. Худди Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) айтганидек: “Аллоҳ, хамр ҳақидаги ҳукмингни билдир. Чунки хамр молга талафот келтирувчи, ақлни кетказувчидир”.

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) бу дуоларини хамрнинг ҳаромлиги ҳақидаги оят нозил бўлмасидан олдин айтганлар.

Учинчиси: хамр ичиш ака-ука, ёру биродар ва бошқа инсонлар орасида адоват туғилишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бундай огоҳлантиради:

“Шайтон май билан қимор (ёрдами)да ўрталарингизга адоват ва нафрат солишни… хоҳлайди” (Моида, 91).

Тўртинчи: хамр ичиш Аллоҳнинг зикридан ва намоздан қайтаради. Бу ҳақда Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бундай дейди:

“…сизларни Аллоҳнинг зикри ҳамда намоздан қайтаришни хоҳлайди. Бас, энди, сизлар (май ичишдан) тийилувчимисиз?” (Моида, 91).

Бешинчи: хамр ичиш кишини ўзи билмаган ҳолда зино қилишга ва хотинини талоқ этишга олиб боради.

Олтинчи: хамр барча ёмонликлар калитидир. Зеро, у гуноҳларга қўл уришни енгил қилиб кўрсатади.

Еттинчи: хамр ичганнинг оғзидан чиқаётган бадбўй ҳиддан ҳафазатил киромлар (ҳар бир кишини ҳимоя қилиб юрувчи фаришталар) азият чекадилар.

Саккизинчи: хамр ичувчи ўзига саксон даррани вожиб қилиб олади. Агар бу дунёда урилмаса, охиратда оловдан бўлган қамчи билан одамлар орасида саваланади. Отаси, дўстлари, ўғиллари ва бошқа одамлар бунга гувоҳ бўлиб турадилар.

Тўққизинчи: хамр ичувчи ўзига қирқ кун осмон эшиклари­ни ёпиб қўяди. Шу қирқ кун ичида унинг ях­ши амаллари ва дуолари қабул бўлмайди.

Ўнинчиси: хамр ичувчи ўзини хатарга қўяди. Чунки маст ҳолида ўлим топса, имонидан ажраб қолиш хавфи бор.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло хамр масаласида тўрт оят нозил этиб, уни ҳаром қилган. Бу оятлардан Маккада нозил бўлганлари қуйидагилардир:

“Хурмо ва узумларнинг меваларидан эса, май ва гўзал ризқ олурсиз. Албатта, бунда ҳам англайдиган қавм учун аломат бордир” (Наҳл, 67).

Бу оят нозил бўлган пайтларда ҳали хамр ҳаром қилинмагани учун мусулмонлар ичиб туришарди.

Умар ибн Хаттоб ва Муоз ибн Жабал ҳамда ансорлардан иборат бир жамоа саҳобалар (Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин) Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига келиб: “Ё Расулуллоҳ! Бизга хамр ва қиморнинг ҳаромлиги борасида фатво беринг. Чунки булар ақлни кетказувчи ва молни талон-­тарож қилгувчидир”, дедилар. Шундан кейин Аллоҳ таоло ушбу оятларни нозил қилди:

“Сиздан май (маст қилувчи ичимлик) ва қимор ҳақида сўрамоқдалар. Айтинг: “У иккисида катта гуноҳ ва одамлар учун (айрим) фойдалар бор. Иккисининг гуноҳи фойдасидан каттароқдир…” (Бақара, 219).

Абдураҳмон ибн Авф бир куни зиёфат қилиб, унга Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг саҳобаларидан бир жамоатни таклиф қилди. Дастурхонга таом билан бирга хамр ҳам қўйди. Меҳмонлар ичиб, маст бўлиб қолишди. Шом намозининг вақти кириб, ҳаммаси намозга турди. Уларнинг бири имомликка ўтиб, шом намозини ўқиб бера бошлади ва Кофирун сурасини қироат қилаётиб адашиб кетди.

Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди:

“Эй имон келтирганлар! Токи гапираётган гапингизни (ўзингиз) биладиган бўлгунингизгача, маст ҳолларингизда намозга яқинлашмангиз…” (Ни­со, 43).

Шу оят ҳукми туфайли мастлик вақтида намоз ўқиш ҳаром қилинди. Шундан кейин бир гуруҳ мусулмонлар: “Намоз билан бизнинг ўртамизда халал берувчи бу нарсада яхшилик йўқ экан”, деб ичишни бас қилдилар. Яна бир гуруҳ намоз вақтида ичмайдиган бўлди. Лекин хуфтон намозини адо этганидан сўнг ичишарди. Чунки бомдодгача вақт узоқ бўлиб, мастликлари тарқаб кетгандек бўларди ёки бомдоддан кейин ичишганида то пешингача анча ҳушёр тортиб қолишарди.

Бу воқеа ҳам шунга ўхшаш ҳолатда юз беради: Утба ибн Молик таом ҳозирлаб, мусулмонлардан иборат бир қанча кишиларни меҳмонга чақиради. Улар орасида Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳу) ҳам бор эди. Утба туя калласини пишириб, меҳмонлар олдига қўяди. Улар таомдан еб, хамр ичарканлар, маст бўлиб қоладилар. Кейин бир-бирларига насабу ҳасаблари билан фахрлана бошлайдилар. Саъд шу мажлисда ўз қавми билан фахрланган ҳолда, ансорлар ҳажв қилинган қасидани ўқийди. Ансорлардан бир киши туриб, туянинг тозаланган жағ суяги билан Саъднинг бошига туширади. Боши ёрилиб, қон оқа бошлайди. Саъд Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига бориб, ансорлар ишидан шикоят қилади. Шунда Умар (розияллоҳу анҳу): “Аллоҳ, хамр борасида бизга очиқ ҳукмни баён қилгин”, деб дуо қилади. Аллоҳ таоло хамрнинг ҳаромлиги ҳақида ушбу оятларини нозил қилди:

“Эй имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз. Шайтон май билан қимор (ёрдами)да ўрталарингизга адоват ва нафрат солишни ва сизларни Аллоҳнинг зикри ҳамда намоздан қайтаришни хоҳлайди. Бас, энди сизлар (май ичишдан) тийилувчимисиз?” (Моида, 90–91).

Қуйида ичувчилар ҳақида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ворид бўлган ҳадиси шарифларни келтириб ўтамиз:

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Кимки зино қилса ва хамр ичса, худди инсон кийимини бош томонидан ечгани каби Аллоҳ ундан имонини суғуриб олади” (Имом Ҳоким, Заҳабий ва Мунзирий ривоятлари).

Хамрни, унинг ичувчисини, қуйиб берувчисини, сотиб олувчисини, сотувчисини, савдолашиб берувчисини, сиқиб олувчи ва сиқдирувчисини, уни кўтарувчини ва уни деб ҳаракат қилувчини Аллоҳ лаънатлади” (Имом Ибн Можа ривояти).

Зинокор зино қилаётганида мўмин ҳолда бўлмайди, ўғри ўғирлик қилаётган пайтида мўмин ҳолда бўлмайди, ичувчи хамр ичаётган чоғида мўмин ҳолда бўлмайди”. Икки шайх ва бошқалар ҳам Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан шуни ривоят қилганлар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, хамр ичмасин, ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, хамр ичилаётган дастурхонда ўтирмасин” (Имом Табароний ривояти).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Ичкиликка муккасидан кетган киши тавба қилмасдан ўлса, Аллоҳга худди бутга ибодат қилувчи каби йўлиқади” (Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривояти).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Уч тоифа бор, Аллоҳ уларга жаннатни ҳаром қилган (яъни, уларни ҳеч қачон жаннатга киритмайди). Улар – ичкиликка муккасидан кетган киши, ота-онасига оқ бўлган ва ўз аҳлидан содир этилаётган бузуқ ишларга индамай рози бўладиган даюс”.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Барча маст қилувчи нарса хамрдир ва барча хамр ҳаромдир”.

Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) хутба қилиб, бундай деганлар: “Эй инсонлар! Хамрдан эҳтиёт бўлинг. Чунки у барча ифлосликларнинг онасидир. Сизлардан олдин ўтган қавмлардан бирида бир обид киши бор эди. Уни ёмон бир аёл йўлдан урмоқчи бўлиб, чўрисига ўша обид кишини уйига чорлаб, ичкарига киритишни буюрди. Ҳеч нарсадан бехабар обид уйга киргач, аёл эшикни қулфлади. Аёл ҳузурида хамр ва бир норасида бола бор эди. Аёл обидга: “Сен бу идишдаги хамрни ичасан ёхуд мен билан зино қиласан ёки бу болани ўлдирасан. Шу ишлардан бирортасини қилмасанг, кўчага чиқиб, бу киши уйимга бостириб кирди, деб қичқираман. Кейин сенга ким ишонади?” деди. Киши ўзига ўзи: “Бу фоҳиша билан бирга бўлмайман. Бу болани ўлдирмайман”, деди ва кўзадаги хамрни ичди (гуноҳини енгилроқ ҳисоблади). Маст бўлиб қолгач, аёл билан ҳам бўлди, болани ҳам ўлдирди”.

Ҳазрат Усмон (розияллоҳу анҳу) яна бундай дедилар: “Хамрдан узоқда бўлинглар. Чунки у барча разилликлар онасидир. Аллоҳга қасам, имон билан хамр киши қалбида жам бўлмайди. Бири бўлса, иккинчисини кетказади”.

Шунинг учун хамр ичган киши тилидан куфр сўзлар бемалол чиқиб кетаверади. Мусулмон одам ўлим арафасида ҳам куфр калимасини айтиб қўйиш билан дунёдан имонсиз кетиб, ҳасрату надоматда қолишдан қўрқади.

Баъзи хабарларда келишича, хамр ичувчи (қиёматда) қабрдан ўлакса каби бадбўй ҳолда тирилтирилади. У жаҳаннамда Фиръавн ва Ҳомонлар билан бирга бўлади. Жаҳаннамда унга “тийнат ул-хабол” (жаҳаннам аҳлидан оқадиган йирингдан ичирилади).

Шундай экан, азизлар, хамр ичиш у ёқда турсин, унга яқин ҳам борманг. Унинг яқинлари ҳисобланувчи барча нарсалардан йироқда бўлинг. Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Хамр барча фаҳш ишларнинг бошидир”, деган сўзларини ҳеч қачон унутманг.

Агар бу гуноҳни содир қилиб қўйган бўлсангиз, уни ва шу каби гуноҳларингизни ювишга имкониятингиз бор. Барчасига тавба қиласиз ва қайтиб бу ишни қилмайсиз. Бунинг учун сизга Аллоҳ таолонинг:

“(Эй Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур…” (Зумар, 53) ояти кифоя қилади.

Шунингдек, наша, афюн ва барча наркотик моддалар ҳам хамр турига киради. Зеро, буларнинг барчаси инсон учун ҳалокат, ҳаётнинг томири “дунё ҳаётининг зийнати” (Каҳф, 46) бўлган ақл ва молни барбод қилувчи, яксон этувчи энг зарарли омиллардир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло амр қилади:

“…ва ўз қўлларингиз (бахиллигингиз) билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз! (Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Бақара, 195).

“…шунингдек, ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир” (Нисо, 29).

“…пок нарсани нопок нарсага алмаштирмангиз!…” (Нисо, 2).

“Бас, (эй мўминлар!) Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсаларнинг покларини енг…” (Наҳл, 114).

“Исрофгарликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки ис­рофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукр эди” (Исро, 26-, 27).

Manba: hidoyat.uz

Киритилди: 06:45 17.09.2019. Ўқилди: 4128 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!