Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати 6 июл куни Ғазо секторини қарийб йигирма йилдан бери бошқариб келаётган маъмурий органни тарқатиб юборишини эълон қилди. Тегишли қарор минтақада фуқаролик бошқарувини жорий этиш учун технократик қўмитага йўл очади. Бу ҳақда Al Arabiya манбаларига таяниб хабар берди.
ҲАМАС 2006 йилда Ғазодаги сайловларда ғалаба қозонганди. 2007 йилда ҲАМАС рақиб гуруҳ ҳисобланган “Фатҳ” ҳаракатидан сектор назоратини тортиб олган. Гуруҳнинг ҳозирги қарори катта сиёсий бурилиш ҳисобланади.
"Ҳукуматнинг фавқулодда вазиятлар қўмитаси раҳбари Муҳаммад ал-Фарра расман истеъфо берди. Шунингдек, у Ғазони бошқариш бўйича миллий қўмитага маъмурий ўтишни осонлаштириш учун ўз қўмитасини тарқатиб юборишга қарор қилди", — деди ҲАМАС медиа идораси раҳбари Исмоил ас-Савабта.
Ғазони бошқариш бўйича миллий қўмита АҚШ президенти Доналд Трамп ташкил этган Тинчлик кенгаши томонидан тузилган. Ушбу кенгаш 2025 йил октябр ойида ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги сулҳда воситачилик қилган.
"ҲАМАС Ғазо сектори бошқарувини топшириш бўйича янги қадам ташлади. Бу босқинчиларнинг тажовуз ва қирғинбарот урушни давом эттириши учун ҳар қандай баҳоналарни йўқотиш мақсадида қилинди. Биз Миллий қўмитанинг Ғазога тезроқ кириб келишини кутмоқдамиз", — деди ҲАМАС вакили Ҳазем Қоссим.
ҲАМАС органининг тарқатилиши фаластинлик технократ Али Шаас бошчилигидаги Миллий қўмитага маъмурий вазифаларни ўз зиммасига олишга имкон беради. Қўмита аъзолари бир неча ойдан бери Ғазодан ташқарида қолиб келаётганди. Бунга Исроилнинг уларни урушдан вайрон бўлган ҳудудга киритишга қаршилик қилгани сабаб бўлган.
2025 йилнинг октябр ойида ҲАМАС ва Исроил ўртасида ўт очишни тўхтатиш келишуви кучга кирган. Шундан бери гуруҳ кундалик бошқарувдан чекинишга тайёрлигини бир неча бор маълум қилган. Бироқ ҳаракатни қуролсизлантириш каби мураккаб масала ҳамон ҳал бўлмай қолмоқда.